Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги: Ёшлар ҳаётида акс этган 35 ютуқ
Ўзбекистон мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб ёшлар сиёсати давлат аҳамиятига молик энг устувор йўналишлардан бирига айланди. Бугунги кунда мамлакат аҳолисининг қарийб 26 фоизини ташкил этувчи йигит-қизлар нафақат жамиятнинг энг динамик қатлами, балки янги Ўзбекистон пойдеворини қураётган асосий юритувчи кучдир.
1. Ёшларга оид давлат сиёсати янги қонун билан мустаҳкамланди:
2016 йил 14 сентябрда 33 моддадан иборат “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган фуқаролар “ёшлар” деб белгиланиб, уларнинг сифатли таълим олиши, бандлиги, тадбиркорлиги, иқтидорини қўллаб-қувватлаш, ёш оилалар учун муносиб уй-жой ва ижтимоий шароитлар яратиш давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида мустаҳкамланди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди:
2017 йил 30 июнда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати негизида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлиги ва тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш унинг асосий вазифалари этиб белгиланди.
30 июнь – Ёшлар куни этиб белгиланди:
2017 йил 25 августда алоҳида қонун қабул қилиниб, 30 июнь – Ўзбекистон Республикаси Ёшлари куни этиб белгиланди. Шундан буён ушбу сана мамлакат ёшларининг расмий байрами сифатида нишонланади.
“Ёш китобхон” танлови йўлга қўйилди:
2017 йилдан ёшлар ўртасида китобхонликни оммалаштиришга қаратилган “Ёш китобхон” республика танлови ўтказила бошланди. Танловда ҳар йили қарийб 1 миллион нафар ёш иштирок этади. 10–14, 15–19 ва 20–30 ёш тоифаларидаги мутлақ ғолиблар Президент совғаси – автомобиль, бошқа совриндорлар эса йирик пул мукофотлари билан тақдирланади.
“Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди:
2017 йил 28 декабрда “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилди. Медаль билан мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшган, ўқиш, меҳнат ва жамоат ишларида алоҳида ютуқларга эришган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар тақдирланиши белгиланди.
“Мард ўғлон” давлат мукофоти таъсис этилди:
2017 йилда “Мард ўғлон” давлат мукофоти таъсис этилиб, ҳар йили фан, таълим, тиббиёт, маданият, спорт, ишлаб чиқариш, ҳарбий хизмат ва бошқа соҳаларда алоҳида натижа кўрсатган 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган иқтидорли йигитлар тақдирланиши белгиланди. Мукофот соҳибларига БҲМнинг 50 баравари миқдорида пул мукофоти берилади ва улар тегишли йўналишдаги олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз давлат гранти асосида қабул қилинади.
“Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури ишга тушди:
2018 йил 27 июнда “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури қабул қилиниб, ёшларнинг бизнес ташаббуслари ва стартапларини имтиёзли кредитлар орқали молиялаштириш тизими йўлга қўйилди. Дастур доирасида “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси ташкил этилди.
Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди:
2020 йил 30 июнда Президент фармони ва қарори билан Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди. Агентлик ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ҳамда соҳада вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштирувчи махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди.
“Ёшлар дафтари” орқали муаммоларни манзилли ҳал қилиш бошланди:
Ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва психологик кўмакка, иш, таълим ва касб ўрганишга муҳтож ёшларни манзилли қўллаб-қувватлашга қаратилган “Ёшлар дафтари” тизими жорий этилди. У орқали ёшларнинг муаммоларини аниқлаш, ҳал этиш ва натижасини назорат қилишнинг ягона тизими йўлга қўйилди.
Илк бор Ўзбекистон ёшлари форуми ўтказилди:
2020 йил декабрда мамлакат тарихида илк бор Ўзбекистон ёшлари форуми ўтказилди. Форум барча шаҳар ва туманларни қамраб олиб, якуний тадбирда 3 300 нафардан зиёд ёш бевосита, ҳудудий студиялар орқали эса 26 минг нафар ёш иштирок этди. Ёшлар вазирлар, ҳокимлар ва давлат идоралари раҳбарлари билан очиқ мулоқот қилди.
Халқаро имтиҳон харажатларини қоплаш тизими жорий этилди:
2021 йилдан халқаро имтиҳонларда юқори натижа кўрсатган ёшларнинг имтиҳон топшириш харажатларини давлат томонидан тўлиқ қоплаб бериш йўлга қўйилди. Бугунга қадар қарийб 72 минг нафар ёшга жами 145 миллиард сўм компенсация маблағлари ажратилди.
Ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди:
2022 йил 19 январда Президент қарори билан ҳар бир маҳаллада ёшлар етакчиси лавозими жорий этилди. Шу тариқа ёшларнинг муаммоларини бевосита маҳаллада ўрганиш ва ҳал этишга қаратилган янги тизим йўлга қўйилди.
“Беш ташаббус олимпиадаси” йўлга қўйилди:
2022 йилда ёшларни спорт, маданият ва санъат, китобхонлик, интеллектуал ўйинлар ва IT йўналишларига жалб қилувчи беш босқичли “Беш ташаббус олимпиадаси” илк бор ўтказилди. Биринчи мавсумнинг ўзида 14 дан ортиқ танлов ва мусобақаларда 6 миллиондан зиёд ёш иштирок этди.
Ёшларга IT курсларида ўқиш ва компьютер харид қилиш учун имконият яратилди:
2022 йилдан IT Park резидентларининг ўқув курсларида таҳсил олаётган ёшларга компьютер харид қилиш учун БҲМнинг 25 бараваригача истеъмол кредити ажратиш, кредит фоизларининг бир қисмини эса Ёшлар ишлари агентлиги маблағлари ҳисобидан қоплаш тизими жорий этилди.
Ёшлар ҳуқуқлари Конституцияда алоҳида мустаҳкамланди:
2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда илк бор “Оила, болалар ва ёшлар” алоҳида боб сифатида белгиланди. 79-моддада ёшларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш, уй-жой, ишга жойлашиш, бандлик ва дам олиш ҳуқуқларини амалга ошириш учун давлат шарт-шароит яратиши мустаҳкамланди.
“Ибрат фарзандлари” лойиҳаси йўлга қўйилди:
Ёшларга хорижий тилларни бепул ўрганиш имконини берувчи “Ибрат фарзандлари” лойиҳаси йўлга қўйилди. Лойиҳа доирасида 30 та хорижий тил бўйича 2 729 та видеодарс яратилди. Бугун платформа фойдаланувчилари сони 3 миллион 200 дан ошган.
“WikiMarafon” лойиҳаси иш бошлади:
2022 йилда интернетда ўзбек тилидаги сифатли маълумотларни кўпайтириш мақсадида “WikiMarafon” лойиҳаси йўлга қўйилди. Бугун ўзбекча Википедияда 355 мингдан ортиқ мақола ва 6,2 миллиондан зиёд таҳрир мавжуд, унга ҳар ой 5 миллиондан ортиқ фойдаланувчи ташриф буюради.
18. “Ustoz AI” платформаси ишга туширилди:
Ёшларга замонавий касб ва фанларни бепул ўргатишга қаратилган “Ustoz AI” платформаси ишга туширилди. Унда IT, бизнес, маркетинг ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларда таълим олиш имкони яратилди. Бугун платформа фойдаланувчилари сони 1 миллион 200 мингга яқин.
“Mutolaa” лойиҳаси ишга туширилди:
2023 йилда китобларни электрон ва аудио форматда бепул мутолаа қилиш имконини берувчи “Mutolaa” лойиҳаси ишга туширилди. Бугун платформада 4,8 миллиондан ортиқ фойдаланувчи, 2 147 та аудиокитоб ва 2 893 та электрон китоб мавжуд. Платформада ўқилаётган китоблар сони эса 20 миллиондан ошган.
“Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси йўлга қўйилди:
2023 йилда жаҳоннинг энг сара илмий-оммабоп ва бадиий асарларини ўзбек тилига таржима қилиш ва нашр этишга қаратилган “Ёшлар учун 1000 китоб” лойиҳаси йўлга қўйилди. Бугунга қадар 140 та илмий-оммабоп китоб сараланиб, 90 таси нашрга тайёрланди, 47 та китоб 140 минг нусхада чоп этилиб, 208 та ахборот-ресурс маркази ҳамда муассасаларга етказилди.
“Қизлар академияси” иш бошлади:
Ёш хотин-қизларни замонавий касбларга ўргатиш ва касбий ривожланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган “Қизлар академияси” платформаси ишга туширилди. Бугун платформа 1 миллиондан ортиқ фойдаланувчини қамраб олган.
“Ёшлар бизнеси” дастури йўлга қўйилди:
2025 йилда 350 минг нафар ёшни тадбиркорликка жалб қилиш ва камида 100 мингта янги иш ўрни яратишни назарда тутувчи “Ёшлар бизнеси” дастури йўлга қўйилди. Дастур доирасида ёшларга 100 миллион сўмгача микроқарз, камида 20 та иш ўрни яратадиган лойиҳаларга эса 5 миллиард сўмгача маблағ ажратилиши белгиланди.
23.“Ёшлар дафтари” орқали кўрсатиладиган ёрдам турлари 30 тага етди:
2023 йилда “Ёшлар дафтари” орқали ёшларга кўрсатиладиган ёрдам турлари 30 тага етказилди, мурожаатларни кўриб чиқиш муддати эса 30 кундан 5 кунгача қисқартирилди. Йил давомида 338 минг нафар ёшга 444 миллиард сўмлик ёрдам кўрсатилди.
“2+6” дастури йўлга қўйилди:
2025 йилдан хорижий тилларни ўрганаётган ёшлар учун “2+6” дастури жорий этилди. Унга кўра, ёш дастлабки 2 ойлик ўқиш харажатини ўзи тўлайди, кейинги 6 ойлик тўловни давлат қоплаб беради. 2030 йилга қадар дастур орқали 100 минг нафар ёшнинг хорижий тил сертификати олиши мақсад қилинган.
“Work and Travel” учун давлат ссудаси жорий этилди:
2025 йилдан “Work and Travel” халқаро дастурларида иштирок этувчи талабаларга хорижга бориш-келиш харажатлари учун БҲМнинг 40 баравари миқдорида ссуда ажратиш йўлга қўйилди. 2026 йилда ушбу имконият орқали 2 минг нафар ёшни қўллаб-қувватлаш белгиланган.
“Top 100 Uni” лойиҳаси йўлга қўйилди:
2024 йилдан ёшларни дунёнинг TOP-100 университетларига киришга тайёрлаш учун “Top 100 Uni” лойиҳаси йўлга қўйилди. Лойиҳа орқали хорижий университетларга ҳужжат тайёрлаш, кучли эссе ёзиш ва қабул жараёни бўйича нуфузли университетларда таҳсил олган ёшлардан бепул менторлик олиш имконияти яратилди.
Ёш тадбиркорларга 10 миллиард сўмгача кредит бериш белгиланди:
2026 йилдан “Келажак тадбиркори” дастури йўлга қўйилиб, ёш тадбиркорларга 7 йилгача 15 фоизли кредит ажратиш белгиланди. Бизнес бошлаётган ёшларга 300 миллион сўмгача, фаолиятини кенгайтираётганларга 2 миллиард сўмгача, камида 5 нафар битирувчини ишга олган тадбиркорларга эса 10 миллиард сўмгача кредит бериш назарда тутилди.
Ёшлар стартапларига 100 минг долларгача инвестиция киритиш имконияти яратилади:
2026 йилдан ёшларнинг инновацион стартап лойиҳаларига 100 минг долларгача инвестиция киритиш механизми белгиланди. Шу билан бирга, ҳар йили энг яхши 100 та ёшлар лойиҳасини брендга айлантириш учун ҳар бирига 1 миллиард сўмгача маблағ ажратиш назарда тутилди.
Ёш оилалар ипотекасининг бир қисми давлат томонидан қопланади:
2026 йилдан ёш оилалар учун ипотека кредити ставкасининг 14 фоиздан ошган қисмини бюджетдан қоплаб бериш механизми белгиланди.
“Кўмак” лойиҳаси орқали чекка ҳудудларда 479 та ўқув маркази очилди:
Хорижий тиллар бўйича C1 даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга ёшларнинг олис ва чекка ҳудудларда ўқув марказлари очишини қўллаб-қувватлаш учун “Кўмак” лойиҳаси йўлга қўйилди. Лойиҳа доирасида 61,4 миллиард сўм фоизсиз ссуда ажратилиб, 479 та ўқув маркази ташкил этилди. Айни пайтда лойиҳа доирасида 18–30 ёшдаги ёшларга ўқув марказини ташкил этиш ёки кенгайтириш учун 130 миллион сўмгача 3 йил муддатга фоизсиз ссуда ажратиш имконияти мавжуд.
“Яшил ташаббуслар” жамғармаси ташкил этилди:
2025 йилда ёшларнинг экологик лойиҳалари, “яшил” инновациялари ва илмий изланишларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун “Яшил ташаббуслар” жамғармаси ташкил этилди. Жамғарманинг уч йўналишдаги танловларида 926 нафар ёш иштирок этиб, шундан 432 таси экологик-ижтимоий лойиҳалар, 443 таси “Яшил инновациялар”, 51 таси “Яшил ташаббуслар” стипендияси учун ариза топширди.
“UzChess” мобил иловаси ишга туширилди:
Шахматни ўзбек тилида бепул ва мустақил ўрганиш имконини берувчи “UzChess” мобил иловаси ишга туширилди. Бугун илова фойдаланувчилари сони қарийб 930 минг нафарга етди, 55 мингдан зиёд фойдаланувчи ўқув курсларини якунлаб, сертификат олди.
Ҳар пайшанба – “Ёшлар куни”:
Вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда ҳокимларнинг ёшлар билан бевосита мулоқот қилиши ва уларнинг муаммоларини ҳал этиши учун ҳар пайшанба “Ёшлар куни” этиб белгиланди.
Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди:
2026 йилда Агентлик ҳузурида Китобхонлик маданиятини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилди. Жамғарма орқали энг кўп китоб ўқиган 100 нафар ўқувчи ва талабага БҲМнинг 25 баравари миқдорида мукофот бериш, истеъдодли ёзувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳамда китобларни таржима ва нашр этишни молиялаштириш йўлга қўйилди.
35. “Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030” стратегияси қабул қилинди:
2026 йил 20 апрелда мамлакатда ёшларга оид биринчи яхлит стратегия тасдиқланди. Унга кўра, ҳар йили 600 минг нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш, 2030 йилгача 450 минг нафар ёшни хорижий тиллар бўйича B2 даражасига олиб чиқиш ва 900 минг нафар ёшни волонтёрликка жалб этиш белгиланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА