Мустақил юртимнинг мангу қўшиғи
10 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун
Дунёда қўшиқлар, мусиқа ва оҳанглар кўп. Лекин умрини, ҳаётини, тақдирини шу азиз тупроқ билан чамбарчас боғлаган, буюк авлиё-аждодлари шу заминдан мангу макон топган, фарзандлари келажаги, истиқболини шу диёрда кўрган ҳамюртимиз борки, уларнинг бари учун энг ардоқли, мўътабар қўшиқ бор. Бу Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясидир.
Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 10 декабрдаги 768-ХII-сонли «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги қонуни билан тасдиқланган.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир.
Ўзбекистонимизга бағишланган ушбу муаззам, муҳташам қўшиқ бугунги кунда энг мўътабар тадбирларда, хорижий давлатларнинг раҳбарлари мамлакатимизга келган пайтларда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг хорижий мамлакатларга давлат ташрифи чоғида, жаҳондаги энг нуфузли халқаро мусобақаларда янграйди.
Қонунга кўра, мадҳиямиз Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш чоғида — у қасамёд қабул қилганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси сессияларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ялпи мажлисларининг очилиши ҳамда ёпилиши чоғида, Ўзбекистон Республикасида нишонланадиган умуммиллий байрамларга бағишланган тантанали йиғилишлар ва мажлисларнинг очилишида, давлат телевидение ва радиоэшиттириш компаниялари томонидан ҳар куни — кўрсатув ва эшиттиришлар бошланишидан аввал ва тугаганидан сўнг, кўрсатув ва эшиттиришлар кечаю кундуз олиб борилганида эса соат 6:00да ва соат 24:00да, янги йил кечасида — соат 24:00да янграйди.

Шу билан бирга, республика ҳаётидаги муҳим тарихий воқеаларни нишонлаш юзасидан, атоқли сиёсий, давлат, ҳарбий арбоблар, халқ қаҳрамонлари, фан, адабиёт ва санъат арбоблари шарафига ўрнатилган ҳайкаллар, шунингдек монументлар, ёдгорликлар ва бошқа иншоотларнинг очилиши чоғида, давлат органлари, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган маросимлар ва бошқа тантанали тадбирлар вақтида Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғини кўтариш чоғида, расмий сафар билан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрган хорижий давлатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатишда — тегишли хорижий давлатнинг давлат мадҳияси ижро қилиб бўлинганидан кейин ижро этилади.
Жонажон мадҳиямиз ҳарбий маросимларни ўтказиш вақтида — Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий уставларига мувофиқ янграйди. Умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида — янги ўқув йили бошланиши ва ўқув йили тугашига бағишланган танатанали тадбирларда Ўзбекистонимизнинг бош қўшиғи ижро этилиши ёш авлод қалбида ватанпарварлик, юртга садоқат, фаол фуқаролик позициясини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Айни дамда болалар, ёшлар мамлакатимизнинг бош қўшиғини ўта самимий, беғубор, юракдан, ўзгача меҳр ва эҳтиром, чексиз ғурур билан куйлашини таълимга оид тантанали тадбирларда ҳар сафар гувоҳи бўлиш мумкин.
Мадҳиямиз мамлакат ҳаётидаги муҳим сиёсий воқелик – Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловлари ёки референдум кунлари — овоз бериш ўтказиладиган биноларда соат 8.00 да ижро этилади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси унга нисбатан лозим даражадаги ҳурмат таъминланган ҳолда умуммиллий байрамлар ва тантанали тадбирлар вақтида ҳам жаранг сочади.
Ўзбекистоннинг бош қўшиғи нима учун бу қадар дилга яқин, қадрдон ва халқчил? Сабаби устоз ижодкорларимиз – Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳамда “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби, атоқли бастакор Мутаваккил Бурхонов унинг ҳар бир сўзи, оҳанги, сўз ва таронанинг ўзаро уйғунлиги устида заргарона меҳнат қилган. У янграганида қалблар фахрга тўлади. Бу эзгу қўшиқ юрт тақдири, нурафшон, озод ва ободлиги, равнақи, фаровонлиги, фарзандлар келажаги учун масъулиятга, мудом огоҳликка чорлайди!
Дарҳақиқат, мадҳиямиз аждодларимизнинг орзуси, меҳридарё халқимизнинг эзгу орзу-интилишларини, она-Ватанимизнинг тараққиёт одимларини, ҳаётбахш мақсадларимизни ўзида мужассам этган мўътабар, муаззам, муҳташам, мангу қўшиқдир!
Назокат Усмонова,
ЎзА мухбири