Мустақил ҳаёт сари йўл олишди
Сайхунобод туманида бугун эрталабдан барча умумтаълим мактабларида “Сўнгги қўнғироқ” тадбирлари юксак кўтаринки руҳ, самимий ҳаяжон ва байрамона кайфият билан ўтказилди.
Ушбу сана битирувчилар ҳаётида болалик ва ўқувчилик даврининг мантиқий якунланиши ҳамда мустақил ҳаёт сари масъулиятли қадам қўйиш остонаси сифатида ёдда қолди.

Жорий йилда тумандаги 41 та умумий ўрта таълим муассасасини 817 нафар ўқувчи муваффақиятли якунлаб, мустақил ҳаёт сари йўл олмоқда. Улар учун сўнгги қўнғироқ садолари оддий рамз эмас, балки орзу ва мақсадлар, янги марралар сари йўл очувчи маънавий бурилиш нуқтасига айланди.

Асосий тантанали тадбирлардан бири “Шодлик” маҳалласидаги 1-умумтаълим мактабида “Юксак маърифатли авлод — Учинчи Ренессанс пойдевори!” шиори остида ташкил этилди.

Тадбир давомида таълим жараёнида фаол бўлган ўқувчилар ҳамда уларнинг устозларига эсдалик ташаккурномалар топширилди. Бу эътирофлар мактаб, оила ва маҳалла ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб бораётганини яққол намоён қилди.

Айни шу лаҳзаларда рамзий “Сўнгги қўнғироқ” садолари янграб, битирувчилар учун мактаб билан хайрлашув, бир даврнинг якунланиши ва янги ҳаёт сари илк қадамларнинг бошланишини англатди.

Кўзларда шодлик ва ҳаяжон, юракларда эса умид ва ишонч мужассам бўлган ушбу онлар уларнинг ҳаёт йўлида унутилмас хотира бўлиб қолиши шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири