Мустаҳкам оила барпо этамиз
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан ёш оилалар ўртасида ажримларнинг олдини олишга қаратилган Жамоатчилик кенгаши йиғилиши, ажрим ёқасида турган оилалар учун сайёр қабул ўтказилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан ёш оилалар ўртасида ажримларнинг олдини олишга қаратилган Жамоатчилик кенгаши йиғилиши, ажрим ёқасида турган оилалар учун сайёр қабул ўтказилди.
Мазкур йиғилиш Президентимизнинг 2019 йил 27 декабрь куни Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда мамлакат ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.
Жамоатчилик кенгаши йиғилишида Шайхонтоҳур, Олмазор, Учтепа туманларидан вакиллар иштирок этди.
– Бугунги кунда Тошкент шаҳридаги ёш оилалар сони 211 минг 745 тани ташкил қилади, – деди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши раиси Дурдона Раҳимова. – Пойтахтимизда 2018 йилда 1 минг 858 та, 2019 йилда эса 2026 та ажрим кузатилган. Бу эса ажримлар сони бир йилда 168 тага ошганини кўрсатмоқда. Таҳлилларга кўра, 2019 йилда Шайхонтоҳурда 401 та, Олмазорда 105 та ва Учтепа туманида 68 та ёш оила ажрашган. Минг афсуски бу кўрсаткичлар 2018 йилги ажримлардан кўп. Қувонарлиси эса Шайхонтоҳурда 311 та, Олмазорда 264 та, Учтепада 244 та ёш оила жойлардаги тегишли комиссиялар томонидан яраштирилган.
Таъкидланишича, Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши томонидан 2019 йил мобайнида “Оила муқаддас қўрғон”, “Мустаҳкам оила барпо этамиз”, “Қизларни ижтимоий психологик ҳолатини ўрганиш”, “Биз оила қуришга тайёрмизми?” каби мавзуларда ажримларни олдини олишга қаратилган кўплаб тадбирлар амалга оширилди ва уларга ёш оилалар жалб қилинди.

Жамиятда аёлларнинг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳаётдаги ролини ошириш мақсадида ёш оилалардаги ижтимоий-психологик муаммолар ўрганилиб, ваколат доирасида уларга кўмаклашилиб келинмоқда.
Мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган 840 та ёш оила уй-жой билан таъминланди.
Йиғилиш давомида ҳамкор ташкилотлар билан тузилиши режалаштирилган “Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш борасида давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорликдаги ролини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қўшма қарор туман мутахассисларига тушунтирилиб ўтилди. Белгиланган вазифалар доирасида амалга ошириладиган ишлар тақсимоти белгилаб берилди. Оила муқаддаслигини тарғиб этиш, ёшларни оилага тайёрлашга кўмаклашувчи “Фахрийлар ибрати” маслаҳат кенгаши тузилиб унга барча мутасадди ташкилотлар вакиллари жалб қилинадиган бўлди.
“Фахрийлар ибрати” маслаҳат кенгашига Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Тошкент шаҳар кенгашлари, Маънавият ва маърифат маркази бўлими, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази бошқармаси, диний идора вакили томонидан кенгаш аъзолигига намунали оила вакилларини жалб қилиш кўзда тутилган.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар кенгаши биносида ажрим ёқасида турган ёш оилалар билан сайёр учрашувлар ташкил этилди. Уларга “Фарзанд омонати” видеофильми қўйиб берилди.
Пойтахтимизнинг Чилонзор, Яккасарой, Сирғали туманлари ёш оилалари ўртасида ажримларнинг олдини олишга қаратилган Жамоатчилик кенгаши йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган.

Зуҳра САИДОВА
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи
Тошкент шаҳар Кенгаши бош мутахассиси.