“Мустақиллик” қишлоғида янги мактаб очилди
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги Сандал маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қорасув қишлоғи ёшлари учун мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги тантаналари қўшалоқ байрамга айланди.
Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидаги Сандал маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Қорасув қишлоғи ёшлари учун мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги тантаналари қўшалоқ байрамга айланди.
Боиси қишлоқдаги 170 ўринга мўлжалланган 91-умумтаълим мактаби биноси капитал реконструкция қилиниб, ёнидан қўшимча 310 ўринли янги бино ҳам қурилди. Мазкур қишлоқлик 500 нафардан зиёд ўқувчи шу кунга қадар мактабда жой етмаслиги сабаб 2-3 навбатда ўқишга мажбур эди. Бу эса нафақат ўқувчиларларга, балки уларнинг ота-оналарига ҳам ноқулайлик туғдираётган эди.

Эндиликда улар кенг ва ёруғ, барча қулайликларга эга замонавий таълим муассасасида таҳсил олади.
Умумтаълим мактабининг тантанали очилиш маросимида туман ҳокими ва соҳага алоқадор барча ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
– Албатта ҳукуматимиз томонидан ўқитувчи ва ўқувчиларимиз учун яратилган бу қулайликдан барчамиз жуда қувондик, – дейди мактаб директори Сувонқул Ражабов. – Келгусида мактабимиз ўқувчилари билимлар беллашуви ва фан олимпиадаларидаги фаол иштироки билан давлатимиз раҳбарининг улар учун яратиб берган бу мукофотига муносиб жавоб қайтаради.

Шу куни тумандаги Наврўз маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли янгидан ташкил бўлган “Мустақиллик” қишлоғида ҳам 340 ўринли янги мактаб биноси фойдаланишга топширилди.
Ушбу янги қишлоқда мактаб йўқлиги боис ўқувчи ёшлар узоқ масофага қатнаб таълим оларди.
Айтиш жоизки, Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил декабрь ойида вилоятга ташрифи чоғида мазкур қишлоқда ҳам ўқувчилар учун янги мактаб қуриб бериш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилган эди. Ўша топшириқлар асосида ушбу қишлоқда замонавий, барча шароитларга эга мактаб биноси қад ростлади ва мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилди.
Тадбирга йиғилганлар Юртбошимиз томонидан таълим тизимига қаратилаётган эътибор, мамлакатимизда ёш авлодга сифатли таълим бериш ва тарбиялаш учун яратилаётган имконият ва қулайликлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.