Мусиқий таълимда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтида “Мусиқа таълими: жаҳон миқёсида ягона майдон сари” халқаро форуми доирасида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар ва Маданият вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда маданиятлараро мулоқот ва интеграция жараёнларида ижодкорлик ҳамда ижрочиликнинг ўрни ва аҳамиятини илмий-амалий жиҳатдан таҳлил қилиш масалалари таҳлил қилинди. Турли халқларнинг бадиий-эстетик тажрибаларини қиёсий асосда ўрганиш ҳамда глобаллашув шароитида маданий ҳамкорликни ривожлантиришнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
[gallery-29498]
Хусусан, маданиятлараро интеграция жараёнида ижодкорлик феноменининг илмий асосларини аниқлаш, турли халқларнинг фольклор, мусиқа, театр ва томоша санъати тажрибаларини қиёсий таҳлил қилиш ҳамда миллий ўзликни сақлаш ва маданий хилма-хилликни қўллаб-қувватлаш механизмларини ишлаб чиқиш каби устувор масалаларга эътибор қаратилди.
Тадбирда қайд этилганидек, анжуман якунлари бўйича илмий мақолалар тўплами нашр этилади. Унда ўзбек, рус, инглиз ва турк тилларидаги илмий ишлар жамланади. Шунингдек, ушбу тўплам GoogleScholar халқаро маълумотлар базасида индексланади.
Мазкур илмий-амалий анжуман маданиятлараро интеграция жараёнларини чуқур англаш, ижодий ҳамкорликни ривожлантириш ва халқаро илмий мулоқотни кенгайтиришда муҳим платформа вазифасини ўтайди.
Гулноза Бобоева, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА