Мусиқа – мўъжизакор санъат
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасида 2021 йил мобайнида амалга оширилган ишлар сарҳисобига бағишланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев мусиқа санъати равнақи мамлакатимиз етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг доимий эътибори ва ғамхўрлигида эканини таъкидлади.
Поёнига етиб бораётган йилда мазкур ижодий ташкилот томонидан бир қатор тадбирлар, ижодий лойиҳалар амалга оширилди. Юртимиз бўйлаб “Оҳангларда Ватан мадҳи” республика композиторлари ва бастакорлари фестивали, “Янги Ўзбекистон жилолари” шиори остида 100 дан ортиқ ижодий учрашувлар, маҳорат дарслари ташкил этилди. Ижодий уюшмаларнинг “Дўстлар клуби” доирасида “Сўз, оҳанг ва тасвир” туркум тадбирлари, Оқилхон Иброҳимов, Муҳаммад Отажонов, Шойиста Ғанихонова билан ижодий учрашувлар, ёшлар иштирокидаги “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик” номли мусиқий дастурлар, концертлар бўлиб ўтди. Адиблар хиёбонида халқимизнинг маърифатпарвар ижодкорлари таваллуд саналарига бағишланган тадбирларда уюшма фаоллари, ёш композитор ва бастакорлар фаол қатнашди.

Ўзбекистон мусиқа маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган арбоблар, Ўзбекистон халқ артисти Икром Акбаров таваллудининг 100 йиллиги, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли бастакор ва созанда, устоз санъаткор Тўхтасин Жалилов таваллудининг 125 йиллигига бағишланган хотира кечалари, Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби Мустафо Бафоев таваллудининг 75 йиллиги, Ўзбекистон халқ артисти Ўлмас Расулов таваллудининг 70 йиллиги, Ўзбекистон халқ ҳофизи Эркин Рўзиматов таваллудининг 60 йиллигига бағишланган ижодий кечалар юқори даражада ташкил этилди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кўплаб устоз композиторларимиз ижодига бағишланган суҳбатли концертлар, ижодий учрашувлар ўтказилди.
Уюшма аъзолари кўплаб саҳна асарлари яратишда ҳам фаоллик кўрсатгани эътиборга моликдир. Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида Мустафо Бафоевнинг буюк мутафаккир бобомиз Алишер Навоий асари асосида ёзган “Хамса” мусиқали драмаси премьераси, композитор Ойдин Абдуллаеванинг “Зўрдан зўр чиқса...” мусиқали комедияси премьераси бўлиб ўтди.
Шунингдек, композитор Аяпберген Утегенов мусиқасини ёзган “Ўзгалар дарди” спектакли, “Уруш одамлари” драмасининг премьераси бўлиб ўтди. Ўзбек миллий симфоник оркестри ижросида композиторларимизнинг янги асарлари ижро этилди. Яқиндагина эса Хуршида Ҳасанованинг фортепиано асарлари АҚШда ўтказилган халқаро фестивалда янгради.

Кўплаб миллий сериаллар, бадиий ва ҳужжатли фильмлар учун янги -янги мусиқий асарлар яратилди. Диловар Қодированинг “Ўлмас Расулов”, Муҳаммад Отажоновнинг “Композитор Абдушариф Отажонов”, Саодат Жўрабекованинг “Муҳаммад Отажонов” номли монографиялари нашр этилди.
Президентимизнинг атоқли санъаткор, Ўзбекистон халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигини нишонлашга оид ташаббуси бўйича кўплаб анжуманлар, ижодий мулоқотлар ўтказилди. Туркум мақолалар тайёрланди, китоблар чоп этилди. Ботир Зокиров куйлаган қўшиқлардан иборат нота тўплами нашр этилди.

Самарали меҳнати сабабли бир қатор композиторларимиз Ватанимизнинг фахрий унвонлари, юксак орден ва медаллари билан тақдирлангани мусиқа аҳлига кўрсатилаётган амалий ва чексиз эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Шу кунларда “Асака банк” ҳомийлигида соҳанинг атоқли намояндалари электрон архиви ва махсус фонотекани ташкил этиш устида иш олиб борилмоқда. Устоз композиторларнинг асарларидан иборат диск чиқарилди. Машҳур опера юлдузи Женисбек Пиязов лойиҳаси асосида “Ўзбек романслари” тўплами махсус дисклари билан нашр этилди.
Тадбирда турли номинациялар бўйича самарали фаолият кўрсатган ижодкорлар тақдирланди. Ҳа, чиндан ҳам мусиқа – мўъжизакор санъат. Унинг равнақи йўлида меҳнат қилаётган ижодкорлар эса энг заҳматкаш, фидойи, теран маънавиятли инсонлардир.
Назокат Усмонова, ЎзА