“Муштум” яна сафга қайтди
Юртимиздаги ягона ҳажвий журнал, дея эътироф этиладиган “Муштум” айрим сабабларга кўра чоп этишдан тўхтаб қолганди. Хайрият, танаффус узоққа чўзилмади. Ташаббускорлар кўмаги билан журналнинг янги сони чоп этилди.
Миллий матбуот марказида қайта чоп этила бошланган “Муштум”нинг янги сони тақдимоти ўтказилди. Тадбирда устоз журналистлар, олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилари, талабалар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Журналнинг сафга қайтишида Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг ҳам ҳиссаси бор.
– Биз обуна масаласида жойларда юрганимизда кўпчилик ёшлар ҳали ҳарф танимай туриб, бу журналдаги расмларга қараб улғайганини, "Муштум" ота-оналари, ака-опаларининг севимли журнали бўлганини таъкидлашди, – дейди журналнинг бош муҳаррири Носиржон Тошматов.
– Бу журнал бир асрлик фаолияти давомида ҳар битта ўзбек хонадонига кулги-қаҳқаҳа, ҳазил-мутойиба олиб кирди. Фельетонлар орқали жамиятни турли иллатлардан тозалашга ҳисса қўшди. У бундан кейин ҳам кундалик ҳаётимизда учраётган зарарли одатларга қарши курашишда муҳим маънавий восита вазифасини ўтайди, деб айта оламиз.
[gallery-4240]
Маълумки, барчамиз учун суюкли бўлган ушбу журнал 1923 йилда ташкил топган. Журналга буюк ёзувчимиз Абдулла Қодирий ва унинг маслакдошлари асос солган. Унинг биринчи бош муҳаррири Ғози Юнус, биринчи бош рассоми Иштван Тула бўлган.
– Кейинги пайтларда биз танқидни кўтаролмайдиган, ҳазм қилолмайдиган бўлиб қолгандик, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев.
– Ваҳолангки, миллий менталитетни ривожлантириш учун бизга айнан танқид керак. Танқид келажак меваси деб бежиз айтишмаган. Бу журнал ташкил қилганида Қодирийлар жамиятда ҳалоллик, тўғрисўзлик бўлишини мақсад қилган. Жамиятни маънавият билан бирга танқид ривожлантиради. Журналнинг ҳар бир сонини юртимиздаги ҳокимлар, раҳбарлар мени танқид қилишмадимикан, деган ҳадик билан очиб ўқисин. Аввалгидек ҳаммани ҳушёр торттирадиган журналга айлансин.
Тақдимот маросимида ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Журналнинг келгусидаги фаолиятига доир масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА