Мусаффо осмон учун масъулмиз
Навоий шаҳридаги Алишер Навоий номидаги ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан 16 сентябрь – Халқаро озон қатламини ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Мусаффо осмон – соғлом келажак” мавзусида вилоят семинари ташкил этилди.
Унда вилоят Педагогик маҳорат марказининг “Бошланғич таълим” ва табиий фанлар гуруҳлари курс тингловчилари томонидан тарғибот тадбирлари, ёшлар билан учрашувлар ва эко-дарслар ўтказилди.
Озон – инсониятни қуёшнинг зарарли ультрабинафша нурларидан ҳимоя қилувчи қатламдир. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, совитиш техникалари, ёнғин ўчириш воситалари, таркибида галогенлар (хлор, фтор ва бром) бўлган кимёвий моддаларнинг саноат ва қурилиш соҳасида кенг қўлланилиши озон қатламининг емирилишига сабаб бўлар экан.
[gallery-25342]
– Гарчи ҳозирда атмосфера ҳавосидаги озон жуда оз қисмни ташкил этса-да, унинг аҳамияти бениҳоя каттадир, – дейди Навоий шаҳар Экология бўлими давлат инспектори Лобар Ҳайдарова. – У оқсил ва нуклеинли кислоталарни емирувчи қатъий ультрабинафша нурланишни ушлаб қолади. Космик ва реактив самолётлар парвози, автомобиллар ҳамда бошқа манбалардан чиқаётган газлар, айниқса, совитиш тизимларидаги фреон гази бу қатлам ҳолатига акс таъсир кўрсатмоқда. Қуёш радиациясининг ерга етиб келишининг кучайиши денгиз ҳайвонлари ва ўсимликларнинг камайиб кетишига, қурилиш ашёларининг хизмат муддатининг қисқаришига, қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлиги камайишига олиб келади. Инсон саломатлиги борасида тўхталадиган бўлсак, сўнгги йилларда аҳоли ўртасида кўз гавҳари катарактаси, кўз птеригийи, коньюктивит хасталиги, иммун тизимининг заифлашуви кўп учрамоқда. Бу ҳам бевосита озоннинг емирилиш ҳодисаси билан боғлиқ ҳолатлардан бири саналади. Шундай экан инсон ҳаёти ва фаолияти учун энг муҳим омил бўлган атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, унинг мусаффолигини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Бундай тадбирларнинг мунтазам равишда ташкил этилиши ёшлар орасида экологик маданиятни шакллантириш ҳамда уларнинг табиатга онгли муносабатини кучайтириш орқали экологик барқарорликка эришишда муҳим ўрин тутади.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари