“Мурувват” уйида байрам нишонланди
Юртимиз мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан Хивадаги ногиронлиги бўлган эркаклар учун мўлжалланган “Мурувват” интернат уйида тантанали байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбир вилоят ҳокимлиги, божхона бошқармаси ҳамда бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилди.
Унда интернат тарбияланувчиларига кундалик ҳаётда зарур бўлган анжомлар топширилди. Шунингдек, уларни меҳр ва садоқат билан парваришлаётган интернат ходимлари ҳам байрам муносабати билан фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-25020]
Байрамнинг бадиий қисмида Хива тумани маданият бўлими ижодкорлари чиқиш қилиб, қўшиқлар, рақслар ҳамда шеърий композициялари билан тадбир иштирокчиларига байрамона кайфият улашди.
Мазкур тадбир нафақат интернат тарбияланувчилари, балки уларнинг хизматини фидойилик билан адо этаётган муассаса ходимларига бўлган эътибор ва иззат-ҳурмат ифодасидир.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари