Мурожаатлар йилдан йилга камаймоқда
Бухоро вилояти Жондор тумани аҳолисидан жорий йилнинг ўтган даврида Виртуал ва Халқ қабулхоналарига 1 минг 722 та мурожаат келиб тушган.
Қайд этилган мурожаатларнинг 1 минг 506 таси ўрганилди. 437 таси ижобий ҳал этилган бўлса, 771 тасига ҳуқуқий маслаҳат, 253 таси бўйича тушунтириш берилган.
–Шунингдек, Жондор тумани сектор раҳбарларининг сайёр оммавий қабуллар ўтказиш жадвали асосида жорий йилнинг ўтган даврида 63 та сайёр оммавий қабул ўтказилди, – дейди Халқ қабулхонаси мудири Ихтиёр Каримов. –Ўтказилган сайёр оммавий қабулларда иштирок этган фуқаролардан 130 та масала бўйича мурожаатлар қабул қилинди. Мурожаатлар ахборот дастурий тизимига киритилди ва ижроси назоратга олинди. Ўтган даврда сайёр қабулларда тушган мурожаатларнинг 50,8 фоизи ижобий ҳал қилинди.
Халқ қабулхонасида қайд этилган мурожаатларнинг таҳлиллари асосида ҳар бир мурожаатни сифатли кўриб чиқиш, ижобий ечимини топиш ва муддатида ҳал қилинишини таъминлаш мақсадида Халқ қабулхонаси томонидан сектор раҳбарлари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, маҳалла раислари ва нуронийлар ҳамда депутатлар билан жойига чиққан ҳолда ўрганиш тизими йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида 26 та мурожаат Халқ қабулхонаси ва юқорида кўрсатилган тизимлар билан ҳамкорликда ўрганилди. Уларнинг 17 тасини ижобий ҳал этилди. Шу ўринда 13 та мурожаат Халқ қабулхонаси, ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари билан бирга, 4 таси туман электр таъминоти корхонаси, сектор раҳбари, маҳалла раислари билан биргаликда, 3 таси туман газ таъминоти корхонаси, сектор раҳбари ва маҳалла фуқаролар йиғини раиси ҳамда маҳалла нуронийлари билан бирга, 3 таси ҳоким ёрдамчиси ва туман кадастр идораси масъуллари билан бирга, 3 таси туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, ҳоким ёрдамчиси ва маҳалла раиси билан бирга жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
–Қишлоқдаги электр трансформатор пунктидаги техник носозлик натижасида электр таъминотида узилишлар кўп бўлаётган эди, – дейди туманнинг Қоровул маҳалласи Манғит қишлоғида яшовчи фуқаро Шахобиддин Исматов. – Қишлоқда электр энергияси таъминотидаги муаммоларни ҳал қилиб беришни сўраб қилган мурожаатим туман электр таъминоти корхонаси, маҳалла фаоллари ҳамда ҳоким ёрдамчиси билан жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Трансформатор пунктида таъмирлаш ишлари амалга оширилиб, мурожаат ижобий ҳал этилди.
–2022 йил март ойидан буён табиий газ йўқлиги сабабли қийналаётган эдик, – дейди Тобагар қишлоғида яшовчи фуқаро Ҳилола Содиқова. – Яшаш хонадонимизда газ таъминотини яхшилашда ёрдам беришни сўраб қилган мурожаатим Жондор тумани газ таъминоти корхонаси, 3-сектор раҳбари ва Тобагар маҳалла раиси билан бирга жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Хонадонимга ҳамда Тобагар қишлоғида газ таъминоти меъёр даражасига келтирилиб, мурожаат ижобий ҳал қилинди.
Шунингдек, туман Халқ қабулхонаси томонидан ҳудуддаги ташкилотларнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ҳолати юзасидан мониторинг ўтказиш, мурожаатларни кўриб чиқиш ҳолатини ўрганиш ишлари режа асосида йўлга қўйилган. Жорий йил 12 май куни туман Халқ қабулхонаси масъул ходимлари томонидан Жондор тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти ўрганилди. Ўрганиш жараёнида ушбу корхона томонидан мурожаатлар билан ишлашда 10 дан ортиқ хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги аниқланди.
Мавжуд камчиликларни бартараф этиш, мурожаатларга ижобий ечим топишда амалий ёрдам кўрсатилди. Тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Туман Халқ қабулхонаси томонидан ўтказилган мониторинг ва ўрганишлар жараёнида аниқланган хато ва камчиликлар юзасидан туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларга 7 та тақдимнома, туман прокуратурасига 3 та таклиф ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгашига 5 та ахборотнома киритилди.
Киритилган ҳужжатлар асосида 3 нафар ходимга нисбатан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилди. Жавобгарлик масаласи ҳал этилди. 13 нафар ходимларга нисбатан огоҳлантириш, 5 нафар ходимга нисбатан “Ҳайфсан” интизомий жазоси ҳамда 1 нафар ходимга нисбатан ойлик иш ҳақидан 15 фоиз сақлаб қолиш таъсир чоралари қўлланилди.