Мурожаатлар таҳлил қилиниб, вазифалар белгилаб олинди
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш ва тизим самарадорлигини ошириш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Сирдарё вилоятида бу борада амалга оширилаётган ишлар натижасида 2026 йилнинг иккинчи чорагида келиб тушган 390 та мурожаатнинг 376 таси, яъни 96 фоизи ижобий ҳал этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Сирдарё вилояти ҳудудий бирлашмасининг навбатдаги Кенгаш йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда Федерация Кенгашининг 2026 йил 17 июлдаги қарори ижроси, туман ва шаҳар жамиятларининг иккинчи чоракдаги фаолияти, «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси атрофлича таҳлил қилинди. Шунингдек, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги, ҳуқуқий тарғибот, жамоатчилик назорати ва аъзолик базасини кенгайтириш борасида амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлилий руҳда муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Федерациянинг Сирдарё вилояти ҳудудий бирлашмаси тизимида 11 та туман (шаҳар) жамияти фаолият юритмоқда. Уларда 24 нафар ходим меҳнат қилмоқда. Шунингдек, корхона, ташкилот ва таълим муассасаларида Федерациянинг 19 минг 870 нафар аъзоси ҳамда 66 та таянч гуруҳи фаолият олиб бормоқда.
Ҳисобот даврида мурожаатлар Президентнинг виртуал қабулхонаси, Бош прокуратуранинг ишонч телефонлари, Федерациянинг 1091 қисқа рақамли ишонч хизмати, istemol.uz виртуал қабулхонаси ҳамда PotrebitelUz-bot телеграм-боти орқали қабул қилиниб, белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Мурожаатларнинг асосий қисми савдо ва хизмат кўрсатиш сифати, коммунал хизматлар, шартнома муносабатлари ҳамда истеъмолчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш билан боғлиқ масалаларга тўғри келди.

Йиғилишда айрим туман ва шаҳар жамиятлари фаолиятида аниқланган камчиликларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, мурожаатлар билан ишлаш, ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш, мониторинг тадбирларини самарали ташкил этиш, Федерация аъзолари сонини ошириш ва ижро интизомини таъминлаш борасидаги ишлар барча ҳудудларда бир хил даражада эмаслиги қайд этилди. Шу муносабат билан масъулларга аниқ муддатлар асосида «Йўл хариталари» ишлаб чиқиш, ҳар бир кўрсаткич бўйича натижадорликни ошириш ва камчиликларни қисқа муддатларда бартараф этиш вазифаси юклатилди.
Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Сирдарё вилояти ҳудудий бирлашмаси раиси Жонибек Яриев ҳисобот йиғилишлари нафақат амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинадиган, балки тизим фаолияти танқидий таҳлил қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинадиган муҳим майдон эканини таъкидлади.

— Мақсадимиз рақам эмас, инсон манфаатидир. Ҳар бир мурожаат ортида фуқаронинг ҳуқуқи, ишончи ва адолатга бўлган умиди мужассам. Шунинг учун мурожаатларни ўз вақтида ва қонуний ҳал этиш, ҳуқуқий тарғибот ишларини кучайтириш, жамоатчилик назоратини кенгайтириш ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш бизнинг устувор вазифамиз ҳисобланади. Бу эса истеъмолчиларнинг тизимимизга, қолаверса, бизга бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди, — деди Жонибек Яриев.

Йиғилиш якунида мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш, жамоатчилик назоратини кучайтириш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, ҳамкор ташкилотлар билан ишларни фаоллаштириш ҳамда Федерация аъзолари сонини кўпайтириш бўйича устувор вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА