Мурожаатлар ортидаги миннатдорлик...
Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарига юртдошларимиздан келаётган кўплаб миннатдорлик мактубларида 2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасида таълим, суд тизими, тадбиркорлик, соғлиқни сақлаш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги янги ғоя ва ташаббуслар қўллаб-қувватланаётганини кузатиш мумкин.
Нукуслик Гулжаҳон Жамолова йўллаган мактубда “бу йил бизнинг «Жеке терек» маҳалламиз ҳам таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди: йўлларимиз таъмирланиб, асфальтланди, неча йиллик орзуларимиз ушалиб, уйларимизга ичимлик суви тармоғи тортиб берилди, «Ёшлар дафтари»даги фарзандларимиз сафарбарлик чақирув резервида хизмат қилиши учун тўловлар тўлаб берилди, ишсиз қизларимизга эса уйида ишлаб даромад топиши учун тикув машиналари тарқатилди, кредитлар берилмоқда ва буларнинг барчаси учун Сизга катта раҳмат, муҳтарам Президент!», деб таъкидланган.
Тахиатошлик Майрамбай Жумагалиев "Президент виртуал қабулхонасига мурожаатимиздан сўнг давлатимиз энг катта ҳимоячимиз эканини яна бир марта англадик, бизни ишдан бўшатишмоқчи эди, Президентимизнинг адолати билан ўз иш ўрнимизни сақлаб қолдик, давлатимиздан миннатдормиз», дейилади.
Ҳақиқатан ҳам, давлатимиз раҳбарининг Мустақиллик байрами нутқида айтиб ўтилганидек, ўтган даврда «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» деган тамойил барча бўғиндаги раҳбарлар учун фаолият дастурига айлангани, вазир ва ҳокимлар, депутат ва сенаторлар, раҳбар ва мутасаддилар, буюк шоиримиз Чўлпон айтганидек, халқ ичига кириб, халқдан куч олиб, янги ёндашув асосида хизмат қилаётгани энг муҳим омил бўлмоқда.
Виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналарига ҳар куни келиб тушаётган юзлаб миннатдорлик хатларида ҳам “мен билан учрашишди”, “мени тинглашди”, “муаммомни жойида ҳал қилишди” каби ибораларга тез-тез дуч келамиз.
Айтайлик, Тошкент шаҳри Чилонзор тумани «Бектўпи» маҳалла фуқаролар йиғини «Бектўпи» кўчасида яшовчи Заҳро Ёқубова доимий дори-дармон билан таъминланаётгани, Олмазор тумани «Чиғатой» дарвоза маҳалласидан Ринат Аглямов давлатимизнинг катта ёрдами билан оғир хасталикни енгиб ўтиб, яна соғлом ҳаётга қайтгани, Яккасарой тумани «Армуғон» маҳалласида истиқомат қилувчи 2-гуруҳ ногирони Василий Ивахенко маҳалла вакиллари унинг ҳолидан доимий хабар олиб, кўмак кўрсатиб келаётгани, Яккасарой тумани «Тўқимачи» маҳалласида яшовчи пенционер Галина Жукова сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани каби ҳолатлар фуқароларимизда миннатдорлик ҳиссини уйғотгани мактубларда алоҳида таъкидланади.
МАКТУБЛАР...
“Тўрт фарзандим билан 13 йил ижарада кун кечирдим. Давлатимиз бизни ҳеч қачон ўз ҳолимизга ташлаб қўймади. Ҳар доим ҳолимиздан хабар олиб туришди. Мана, яқинда бизга ижтимоий уй ажратишди. Бу кошонанинг ҳар бир қаричи биз учун азиз, қадрли. Халқимизнинг «ўз уйим – ўлан тўшагим», деган мақоли мағзини энди тушуниб етаётгандекмиз. Ватанимиздан тоабад қарздормиз, фарзандларимни эл-юрт хизматига ярайдиган инсонлар қилиб тарбиялайман”, дейилади Самарқанд шаҳри «Нурли келажак» маҳалласида яшовчи Гулноза Мамедова йўллаган мактубда.
Хоразм вилояти Шовот тумани «Бўстон» маҳалласида яшовчи Дармон Нажимова, Тупроққалъа тумани «Шарловуқ» маҳалласидан Гулнора Рўзибоева, Қўшкўпир тумани «Шихмашҳад» маҳалласида истиқомат қилувчи Бекпошша Искандарова каби кўплаб юртдошларимиз давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик сўзлари битишган.
Айниқса, эл-юрт озодлиги йўлида курашган буюк аждодимиз Жалолиддин Мангуберди хотирасига бағишлаб Урганч шаҳрида муҳташам ёдгорлик мажмуаси бунёд этилгани Ватанга садоқат, фарзандлик меҳри ва иймон-эътиқод билан хизмат қилишнинг рамзи бўлгани таъкидланади.
“Султон Жалолиддиннинг 25 метрли муаззам ҳайкали ҳамиша мустақиллик қадрини, эркин ва озод яшаш бахт-саодатини, Янги Ўзбекистонда наинки бугунги авлодга мансуб инсонлар, балки буюк аждодларимиз хотираси ҳам азиз эканини бизга ҳамиша эслатиб туради”, дейилади бир мактубда.
Шовот тумани «Оқкўл» маҳалласидаги 15-мактабнинг «Ёш шахматчилар» тўгараги раҳбари Хушнудбек Шиховнинг табрик мактубида эса яқинда шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида ўтказилган 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси чемпиони деган юксак шарафга сазовор бўлгани тимсолида улуғ аждодларимиз закоси бугунги авлодлар интеллектида янгича маъно-мазмун билан намоён бўлаётгани таъкидланади.
Давлатимиз раҳбари номига йўлланган бу каби мактублар билан танишар эканмиз, жонажон Ватанимизнинг турли ҳудудларида яшаётган, меҳнат қилаётган кўп миллатли халқимиз қалбида Ўзбекистоннинг бугуни ва келажагига бўлган қатъий ишонч турганини чуқур ҳис қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси
Президентининг Халқ қабулхонаси