Мурожаатлар ижроси назоратга олинди
Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев Пахтакор туманида сайёр қабул ўтказди.
Кейинги пайтда фуқаролар ҳам, аҳолининг эҳтиёжлари билан ишловчи идора ва корхона масъуллари ҳам сайёр қабулларнинг аҳамиятини англаб етмоқда. Чунки Президентимиз томонидан одамларнинг мурожаатларига қулоқ тутиш ҳар бир мутасадди раҳбарнинг олдида турган энг муҳим вазифалардан бири эканлиги оммавий сайёр қабулларда ўз ифодасини топаётир.

Шу жиҳатдан Пахтакор туман марказида ўтказилган сайёр қабул аҳолининг коммунал соҳа, хусусан, табиий газ, электр энергияси, ичимлик суви, йўл, ободонлаштириш, соғлиқни сақлаш, мактаб ва мактабгача таълим, бандлик муаммоларига ечим топишда амалий аҳамиятга эга тадбир бўлди.
Сайёр қабул давомида 47 нафар фуқаро томонидан 55 та масала юзасидан мурожаат бўлди. Мурожаатларнинг 20 таси жойида ҳал этилди, 3 тасига ҳуқуқий тушунча берилди.

Тегишли ташкилотларларга топширилган 32 та мурожаатнинг бажарилиш муддатлари белгиланиб, ижроси вилоят ҳокимлиги назоратига олинди.
Вилоят ҳокими барча янги йил кайфияти билан яшаётган айни кунларда оилаларда коммунал хизматлар, озиқ-овқат маҳсулотлари билан боғлиқ муаммолар бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратиб, ушбу соҳа ва хизматларда камчиликка йўл қўймаслик бўйича тегишли раҳбарлар зиммасига аниқ вазифлар юклади.

Т. БЕКНАЗАРОВ, ЎзА