Мурожаатлар ижобий ҳал этилди
15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни
“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалида 15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунига бағишлаб “Очиқ эшиклар куни” тадбири ташкил этилди.

Тадбир давомида турли мазмундаги 10 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Жумладан, газ лойиҳа ҳужжатларига ўзгартириш киритиш, ҳисоб-китоб масаласи, табиий газ учун қўшимча газ ҳажми ажратиш ва шунга ўхшаш бошқа бир қатор мурожаатлар тизимнинг масъул вакиллари томонидан ўрганилди. Улар ўз вақтида ҳал этилишига эришилди.

–Мурожаатлар доимий назоратда бўлиб, уларни ўрганишда газ таъминотида янги тизим жорий этилган, –дейди газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Фаррух Ражабов. –Барчаси online назорат қилиб борилади. Вақтидан кечиктирилмай ўрганилади. 24 соат давомида ишонч телефонларимиз ишлаяпти. Биргина ўтган йил келиб тушган мурожаатларнинг 3654 таси ижобий ҳал этилган. 1229 таси юзасидан эса тушунтириш берилган. 5 та мурожаат айнан тизимга тааллуқли эмаслиги учун рад этилган ва 259 таси айни дамда тегишли йўналиш ходимлари томонидан ўрганилмоқда.

“Очиқ эшиклар куни” тадбирида ҳам келиб тушган мурожаатлар тезкорлик билан ўрганилди. Маълумотлар тақдим этилди, тушунтиришлар берилди.

– Газ тўловимнинг ҳисоб-китобида муаммо келиб чиққан эди, - дейди фуқаро Любов Авезова. – “Очиқ эшиклар куни”да келиб, мурожаатимни билдирдим, жойида ҳал қилиб беришди. Жуда хурсанд бўлдим.

Бундай тадбирларнинг тез-тез ўтказилиши туфайли кўплаб фуқароларнинг мурожаатлари ижобий ҳал этилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири