Мурожаатлар билан ишлаш янги босқичда
Жамиятда давлат органларига бўлган ишончни мустаҳкамлашда мурожаатлар билан ишлаш тизими муҳим аҳамиятга эга. Чунки ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг дарди, муаммоси ва адолатга бўлган ишончи мужассам. Шу боис мурожаатларни ўз вақтида, холисона ва сифатли кўриб чиқиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири саналади.
Қашқадарё вилоят судида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 1 апрелдаги “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш доирасида мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур тадбир давлат органларида, хусусан, суд тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш, фуқаролар билан очиқ мулоқотни мустаҳкамлаш ҳамда тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган муҳим ташаббус сифатида баҳоланди.

Барча суд раислари ва мурожаатлар билан ишлашга масъул ходимлар иштирок этган семинарда Президент томонидан белгиланган устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мурожаатлар билан ишлаш сифати давлат органлари фаолиятининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади. Шу сабабли мурожаатларни ўз вақтида ва холисона кўриб чиқиш, ҳар бир мурожаат ортидаги муаммони чуқур таҳлил қилиш, такрорий мурожаатларнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар билан самарали ва очиқ мулоқотни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Семинарда 2026 йил биринчи чораги давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали Қашқадарё вилоят судига келиб тушган мурожаатлар таҳлил қилинди. Жумладан, фуқаролик ишлари кўрилишига доир 522 та, жиноят ишларига оид 331 та ва иқтисодий ишлар билан боғлиқ 40 та мурожаатнинг сабаблари атрофлича ўрганилди.
Шунингдек, судьялар ва суд аппарати ходимлари иштирокида амалий муҳокамалар ўтказилиб, мурожаатларни кўриб чиқиш амалиётида учраётган муаммолар, самарали иш усуллари ва замонавий ёндашувлар юзасидан фикр алмашилди.
Вилоят судида ўтказилган мазкур семинар мурожаатлар билан ишлашда масъулиятни янада ошириш, кўтарилган муаммоларни ҳал этиш, инсон тақдирига масъулият билан ёндашиш ҳамда ижро интизомини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири