Мурожаат ўрганилиб, хотин-қизлар касбга йўналтирилди
Оқолтин туманида хотин-қизларнинг мурожаатларини ўрганиш, уларни қийнаётган масалаларга амалий ечим топиш ва бандлигини таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Туман ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Шоира Қаршибоева раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, замонавий кўникмаларини ошириш ҳамда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган йўналишларга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. Унда бандлик бўлими мутасаддилари, техникум раҳбарлари ва масъул ходимлар иштирок этишди.
Мулоқотда таъкидланганидек, ҳар бир мурожаат ортида муайян эҳтиёж ва муаммо мужассам. Шу боис хотин-қизларнинг қизиқиши, қобилияти ва эҳтиёжлари ўрганилиб, мавжуд имкониятлардан келиб чиққан ҳолда уларни касб-ҳунарга йўналтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу мақсадда тумандаги техникумларда қисқа муддатли ва бепул амалий курсларни ташкил этиш режалаштирилган. Компьютер саводхонлиги, SMM ва рақамли технологиялар, тикувчилик, кийим дизайни, гўзаллик соҳаси, қандолатчилик ҳамда миллий ҳунармандчилик каби йўналишларда ўқувлар ташкил этилади.

Муҳими, жараён касб ўргатиш билан чекланмайди. Курсларни муваффақиятли тамомлаган хотин-қизларни мавжуд бўш иш ўринларига йўналтириш, тадбиркорлик истагида бўлганларга эса ўз бизнесини бошлаши учун амалий кўмак кўрсатиш чоралари белгиланмоқда.
Шунингдек, Оқолтин туманидаги Халқ қабулхонасида хотин-қизларнинг мурожаатлари ҳам ўрганилиб, ҳар бир масала юзасидан масъуллар бириктирилди. Хусусан, хонадонга оид кадастр ҳужжатларини тартибга келтириш, болалар нафақасини расмийлаштириш ва савдо фаолияти учун жой ажратиш билан боғлиқ мурожаатлар кўриб чиқилди.

Мурожаатни эшитишнинг ўзи эмас, унинг сабабини ўрганиб, аниқ ечим ва имкониятга йўл очиш муҳим. Бу борада касбга йўналтириш самарали воситалардан бири бўлиб, хотин-қизнинг касб эгаллаши унинг бандлиги ва даромадини ошириш баробарида оила фаровонлигига ҳам хизмат қилади.

Оқолтин туманида мурожаатларни ўрганишдан тортиб, хотин-қизларни касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлашгача бўлган жараён изчил давом эттирилмоқда. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг эртанги кунига дахлдор масала бор.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири