Муроджон Аҳмадалиевга янги даъвогар пайдо бўлди
Профессионал боксда мағлубят нималигини билмай келаётган ҳамюртимиз, жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев (9-0, 7 КО) 3 апрель куни Тошкентда ўтказилган бокс оқшомида “IBF” камарини мажбурий даъвогар япониялик Рёсуке Ивасадан ҳимоя қилган ва 5-раундда техник нокаут эвазига ғалаба қозонгани ҳақида хабар берган эдик.
Профессионал бокснинг биринчи ярим енгил вазн тоифасида (55,2 кг) “WBА” ва “IBF” камарали соҳиби бўлиб турган Муроджон Аҳмадалиев ўзининг навбатдаги жангини “WBА” йўналишида мажбурий даъвогар Ронни Риосга қарши ўтказиши керак. Шу муносабат билан “WBА” ташкилоти жангга рухсат берди ва томонларнинг музокаралар олиб бориши учун 30 кун муддат белгилади.
Маълумот учун 31 ёшли Америкалик Ронни Риос (33-3, 16 КО) 2019 йил Диего Де Ла Ҳояни муддатидан олдин мағлуб этиб, “WBА Gold” камарини қўлга киритган. У ўзининг охирги жангини жорий йилнинг 12 февралида ўтказиб, Оскар Негреттени очколар ҳисобида мағлуб этган.
Жавоҳир ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА