Мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди
Мамлакатимизда давлат раҳбарининг тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳолига сифатли тиббий ёрдам кўрсатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар туфайли Республика шошилинч тез ёрдам Илмий маркази Бухоро филиалида ҳам мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш йўлга қўйилмоқда.
1983 йили туғилган Г.Казакова, овқат маҳсулотлари ўтмаслиги, сув истеъмол қилганда қийналиши, кўнгил айниши, қусиши каби шикоятлар билан филиал қабулхона бўлимига мурожаат қилган. Унинг анамнезида бир неча йиллардан буён кўп тиббиёт муассасалари, касалхоналарда мунтазам даволангани, аммо шифо топмаганлиги аниқланди. Филиал мутахассислари беморни керакли текширувлардан ўтказиб, унга “кардиал ахалазияси”нинг иккинчи даражаси ташхиси қўйилди.

Республикада биринчилардан бўлиб мустақил равишда “Elsa” халқаро эндоскопистлар ассоциациясига аъзо сифатида тан олинган, филиал бош эндоскопист мутахассиси А.Ҳайдаров бошчилигидаги шифокорлар жалб қилингани ҳолда кам инвазив мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли бажарилди. Ушбу жараён ҳамкор давлатлар эндоскопист мутахассислари томонидан “телемедицина” ижтимоий тармоғи орқали онлайн кузатиб борилди. Муҳими, беморнинг жарроҳлик амалиётидан кейинги умумий аҳволи қониқарли ва меъёрий овқатланиш ва меъда-ичак фаолияти тизими тикланмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.