Мураккаб геологик шароитларда самарали ечимлар изланмоқда
Нефть-газ соҳасида чуқур бурғилаш ишларини самарали ташкил этиш, айниқса, мураккаб геологик шароитларда барқарор натижаларга эришиш муҳим. Бундай жараёнларда илғор технологиялардан фойдаланиш, иш жараёнларини оптималлаштириш ҳамда халқаро тажрибани жорий этиш катта аҳамиятга эга.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ҳамда Россия Федерациясида фаолият юритувчи “BURИНТЕХ” компанияси бош директори Гниятулла Ишбаев ўртасида ўтказилган амалий учрашувда шу ҳақда сўз юритилди.
Мулоқот чоғида Устюрт минтақасидаги қудуқларда бурғилаш ишларини самарали ташкил этиш, мураккаб геологик шароитларда ишончли натижаларга эришиш учун юқори технологияли долоталардан фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди. Шу билан бирга, ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш ва ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган таклифлар ҳам кўриб чиқилди.
Жамият ахборот хизмати маълум қилганидек, “BURИНТЕХ” компанияси бурғилаш ҳамда қудуқларни таъмирлаш учун мўлжалланган ускуналар, асбоблар ва кимёвий реагентлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, Россиядаги етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Унинг йиллик тушуми 118 миллион АҚШ долларини ташкил этади.
Тадбир якунида томонлар республика ҳудудида бурғилаш ва қудуқларни таъмирлаш ишларига замонавий ускуналарни жалб этиш, янги технологик ечимларни жорий қилиш бўйича истиқболли лойиҳалар юзасидан ҳам фикр алмашди.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА