Мунтазам масъулият
Қадим замонлардан бошлаб оила, ундаги одоб-ахлоқ масалалари ҳар бир даврнинг, жамиятнинг энг илғор кишилари, олимлар, шоирлар, буюк алломалар ва донишмандларнинг асосий диққат марказида бўлиб келган.
Қадим замонлардан бошлаб оила, ундаги одоб-ахлоқ масалалари ҳар бир даврнинг, жамиятнинг энг илғор кишилари, олимлар, шоирлар, буюк алломалар ва донишмандларнинг асосий диққат марказида бўлиб келган. Башарият томонидан яратилган қадимги ёзма ёдгорликларнинг, ҳамда диний адабиётларнинг барчасида фарзанд тарбияси, унинг ахлоқи биринчи ўринда турган. Дарҳақиқат, таълимни маънавиятдан, тарбиядан айро қилиб ўргатиб бўлмайди, уларнинг негизи бир, асоси бир.
Биз кўп жиҳатларимизни, жумладан, жисмоний бақувватлигимизни, моддий бойлигимизни, ҳуснимиз гўзаллигини, борингки, саломатлигимизни ҳам мағрур туриб гапироламиз, аммо бир нарсада мақтанолмаймизки, бу ҳам бўлса комил тарбия кўрганлик. Яъни, фарзандларимизни рисоладагидай тарбиялаб қўйганман, деб мақтана олмайсиз. Зеро, тарбия – ҳар бир шахснинг шахсияти, хулқ-одоби, ҳатто ота онасига баҳо берувчи мезондир.
Эрамиздан аввал бунёд этилган қадимги Миср эҳромларидан “Бугунги ёшлар тарбияси жуда бузилиб кетдида” каби мазмунда битикларни топишган экан. Чунки ёш авлод тарбияси тез ўзгарувчан, навниҳол кабидир. Бу эса ўз навбатида ҳам давлат, ҳам жамият, ҳам таълим соҳаси вакиллари ва ота-она учун улкан масъулиятни юклайди. Давлат раҳбарининг маънавий-маърифий соҳага оид 2019 йилда имзолаган қарорида “оила, маҳалла, таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ва соғломлаштиришга қаратилган фаолиятда иштирок этиш, “маҳалла – туман – вилоят – республика“ принципи асосида ҳудудлар кесимидаги ижтимоий-маънавий муҳит харитасини шакллантириш, бу жараёнга замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш” масаласини қўйганлиги тарбия борасида олиб бораётган ишларимизни янги босқичга кўтариш муҳимлигини кўрсатади.
Ҳукумат қарори ижроси юзасидан “Узлуксиз маънавий тарбия концепсияси” лойиҳаси доирасида ҳамда ҳаётий тажрибага асосланган ҳолда айрим фикрларга юзланамиз.
Биринчидан, бола мактабда, кўчада ва уйда ахлоқи борасида бир хил гап эшитсин. Тарбия – ҳар кимнинг ўз ҳақиқати натижаси эмас – тарбия ҳамма учун бир хил қоидадир.
Иккинчидан, маънавий ишларга масъул ташкилотларнинг ҳамкорлик масаласи бизда ҳали ўзининг мукаммаллик даражасига етмаган. Маҳалла тузилмалари ўз ҳолича, ёшлар ташкилотлари ўзи билганча, маънавият фидойилари ўз “ақли” доирасида, оммавий ахборот воситалари хоҳлаган услубида фарзандларимиз ахлоқига таъсирини ўтказмоқда. Бунақа вазиятда бола кимга эргашишни билмай ўз билганича иш қилади. Агар биз катталар ҳар бир масалада бир фикрга келмас эканмиз, ёшларимиз онгидаги бўшлиқни фойдали маълумотлар билан банд қилмас эканмиз, билингки, уларнинг келажагини хавф остига қўйган бўламиз. Интернет тармоқларидаги турли кераксиз сайтларга ошно бўлган ёки мобил телефонидан истаган пайтда исталган ахборот билан танишиш имкони бўлган фарзандларимиз ҳаётини, маънавий онгини асраб қолиш қийин, албатта. Бу борада таълим масканларида ҳам бир қатор камчиликларга дуч келяпмиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 август куни таълим тизимига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам юртбошимиз мазкур мавзуга алоҳида урғу бериб ўтди. Жумладан:
“Биз кейинги пайтда, минг афсуски, “маънавият” тушунчасининг обрўйини тушириб юбордик. Маънавиятга гўёки кераксиз нарсадек муносабатда бўлдик. Бугун кўпчилик ёшлар онгини истеъмолчилик кайфияти, Ватан, эл-юрт тақдирига бепарволик, “оммавий маданият” кўринишлари эгаллаб олмоқда. Ўзингиз айтинг, ўз халқининг тарихини, маънавий ва диний қадриятларини ҳурмат қилмайдиган, уларни ҳимоя қилишга қодир бўлмаган одам ватанпарвар ва элпарвар бўлиши мумкинми?
Буюк аждодларимиз ўзларининг илмий ва ижодий кашфиётлари билан дунёга устозлик қилишган. Бошқаларга эргашмаган, балки бошқаларни ўз ортидан эргаштирган. Биз ҳам эргашувчи эмас, эргаштирувчи кучга эга халқ бўлишимиз шарт. Акс ҳолда, тараққиёт йўлидан чеккага чиқиб, яна таназзул ботқоғига ботамиз. Ота-боболаримиз эришган марраларни осонгина бой бериб қўямиз. Бу аждодлар руҳига, келажак авлодларимизга хиёнат эмасми? Бу соҳада бугун шошилинч чоралар кўрмасак, эртага кеч бўлади.” , дея келгуси авлод ҳаётига бефарқ бўлмасликка ундади.
Биз тарбиячиларнинг, биз катталарнинг камчиликларимиздан уларнинг имкониятини тўғри йўналтиролмаётганимиз, ўша тармоқлардан ҳам тўғри фойдаланишга ўргатолмаётганимиздир. Сабаб эса аниқ – ўзимиз бу борада тарбияга муҳтожмиз.
Мана бизнинг фожиамиз!
Учинчидан, ёшларимиз оилага, оилавий қадриятларга, оила аъзоларига нисбатан меҳрсиз ўсаётганлигидир. Бунинг амалий ифодасини кейинги 10 йил ичида оилавий ажримларнинг кўпайиб кетганлигида ҳам кўриш мумкин. Албатта, бу яна бир масала. Айрим оилабошилар фарзандлари ўртасида меҳр ўйғота олиш, бир-бирларига кўмаклашишни ўргатиш каби муҳим тарбияни унутиб қўйганлиги ҳам ёшларимизнинг тошбағир бўлиб вояга етишига сабаб бўлмоқда. Зеро, бола илк ва асосий тарбияни оиладан олишини унутмаслик зарур. Ота тарбиясини олмаган, она меҳридан бебаҳра ўсган наслнинг оқибати мутеълик, қуллик ҳамда меҳрсиз авлодни кўпайишига олиб келади. Бунақа авлод ҳар қандай буюк давлатнинг парчаланишига сабаб бўлади. Бунга тарихдан ҳам кўп мисоллар келтириш мумкин.
Тўртинчидан, таълим муассасаларида тарбия таълимдан, таълим эса тарбиядан ажралиб қолганидадир. Фан ўқитувчиси ўзининг йўналиши бўйича дарс беради, холос, одоб ахлоқ ҳақида оиласида ўрганади, деб эътиборсиз бўлишади. Аслида, иш боши интизом, таълимни яхши ўзлаштиришда тарбиянинг ҳам ўрни беқиёс. Узоқ йиллардан бери ўргатиб келинаётган “Одобнома” туркумига кирувчи фанлар дарсликлари бугунги кун талабларига жавоб бермайди. Дейлик, математика дарслиги 100 йилда, 1000 йилда алмашмас, лекин бизнингча, “Ватан туйғуси”, “Миллий ғоя” каби дарсликлардаги маълумотлар ҳар йили янгиланиб турилмоғи лозим. Ватанга муҳаббат, халқига фидойилик руҳини сингдира оладиган воқелик, ривоятлардан ташкил топган дарсликлардан фойдаланишни тавсия қиламиз. Ёшларга илмий томондан тушунтириш қийин, уларга ватан тўғрисидаги реал воқеалар(масалан, ватани учун жонини фидо қилган шахслар), қаҳрамонлар тўғрисида ҳикоя қилиш орқали етказиш керак.
Бешинчидан, фарзандларимизнинг келажакда олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларида уларнинг фақат билимлари синовдан ўтказилиши мақсадга мувофиқ эмас, бизнингча. Нима учун кириш имтиҳонлари саволларига маълум бир фоиз уларнинг тарбияси тўғрисида савол-жавоб киритиш мумкин эмас? Гап шундаки, одамнинг ақлли, билимли бўлиши ҳали унинг чинакам инсон бўлиб етишганини англатмайди. Дунё тарихида миллионлаб инсонлар ҳаётига зомин бўлган урушлар, тоталитар бошқарув тизимлари, қирғин қуроллари ҳамда террорчилик ҳаракатларини келтириб чиқарган шахслар аслида савиясиз эмасди. “Оммавий маданият” кўринишларини ўйлаб топган кимсалар ҳам ақли ноқис, оми одамлар эди, десак адашамиз. Уларнинг маънавий қараши ўзгача эди, холос. Яъни, улар ўз билим ва ақлларини бошқа йўлда сарфлашди. Уларнинг ҳар бири недир ақл, билим кучига таянгани, ўз режаларини айни шу куч ёрдамида қургани ҳам шубҳасиз. Бироқ, бу кимсалар ақл ва билимидан эзгулик учун, инсоният тараққиёти учун фойдаланишмади. Худди мана шу жиҳати билан улар инсоният донишмандлари сафидан ҳеч қачон ўрин ололмайдилар.
Олтинчидан, хусусий оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари орқали эфирга узатилаётган материаллари болаларимиз тарбиясига салбий таъсири ҳақида кўп гапирдик – гапирамиз ҳам. Бироқ, ўзининг маънавий бузуқлиги сабаб жамиятдан узилиб қолган тарбиясизларни “Зирапча”, “Келгинди келин” каби кўрсатувларда ёшларга қаҳрамон қилиб кўрсатилишига мутлақо қаршимиз.
Хуллас, бугун тарбия борасидаги ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз замон талабидир. Камчиликларимиздан яна бири – бирор жиноят ё уятсизлик ҳолатлари юз бергач, у билан шуғуллана бошлаймиз, қандай оқибатга олиб келишини муҳокама қиламиз. Аксинча, уларнинг келтириб чиқарган сабабларини аниқлаб, яна бўлажак жиноят олдини олишимиз керакмасми. Маҳалла оқсоқолларини идорасида зўрға топамизу, ёшларга, маънавий-маърифий ишларга масъул ходимларини айтмай қўяверинг. Тарбия масканлари ҳисобланган маҳалла, боғча, мактаб ҳатто оилада ҳам ҳолат ачинарли. Ҳеч ким ўз-ўзидан жиноятчи бўлиб қолмайди. Бунинг асосий сабаби аввало тарбиянинг ноқислигидан, муҳтожликдан келиб чиқиш эҳтимоли эса жуда кам.
Демак, фарзандларимизнинг келажаги ўзимизнинг қўлимизда. Оилада, мактабда ва бошқа таълим марказларида тарбиявий муҳитни яратиб олсак, уларни эътиборсиз қолдирмасак, вақтларини тўғри ва фойдали тақсимлашни ўргатсаккина мақсадга эриша оламиз. Улар фойдаланаётган нарсаларнинг салбий томонларини эринмасдан тушунтириб беришимиз керак. Зеро, ҳеч бир фарзанд ёмон бўлиб туғилмайди, ёмон тарбия кўриши мумкин. Тарбиянинг қай тарзда берилиши фарзандларимиз келажагини белгилаб беради.