Муносиб яшаш шароити яратилмоқда (+видео)
Учқўрғон туманининг қайси маҳалласига борманг, бир хил манзара: қудратли техникалар ички йўлларни асфальт қилмоқда. Экскаваторлар йўл четини кавлаб сув қувурлари ташланяпти.
Президент қарори асосида туманда 32 та лойиҳа амалга оширилди. Унга кўра кўчаларни асфальтлаш, сув тармоғи тортиш, ижтимоий иншоотлар қуриш каби ишлар бажарилиб фойдаланишга топширилган. Биринчи босқичнинг ўзида Учқўрғон маҳаллаларидаги ички йўлларнинг 20 километри асфальтланди. Сув етиб бормаган маҳаллаларга 65 км янги тармоқлар тортилиб хонадонларга уланиш нави чиқариб берилди. Энди ҳисоблагич ўрнатилади-ю, ховлига киритилади.
– Иккинчи босқичда 24 та лойиҳа танланган, - дейди туман ҳокими ўринбосари Саидислом Собитхўжаев. – Масалан, биргина Тинчлик МФЙ ҳудудида 13,5 км сув тармоғи тортилмоқда. Туманимизда иккита сув иншооти бор. Бундан ташқари 17 км ички йўллар асфальт қилиняпти. Президент қарорига кўра, 2 - босқич ишлари учун Учқўрғон туманига 18 млрд. сўмдан ортиқ маблағ ажратилди.
Тинчлик маҳалласи Учқўрғоннинг энг чет ҳудуди ҳисобланади. Бу ердаги 560 хонадон аҳолисининг азалий орзуси тоза ичимлик суви таъминоти эди.
Сув келтирган азиз, деганлари шу бўлса керак. Учқўрғонда ким билан гаплашманг, давлатимиздан миннатдор.
– Шу маҳаллада 70 йилдан буён яшайман, - дейди меҳнат фахрийси Валижон ота Аҳмаджонов. – Сувни ариқдан ичиб келдик. Кўчаларимиз умуман асфальт кўрмаган. Қишда лой, ботқоқ бўларди. Айниқса набираларим қийналар эди. 5 фарзандим, 12 набирам ҳар куни дастурхон устида Прзезидентимизни дуо қиляпмиз. Сувдан кейин кўчамизни асфальт қилишар экан.
Иш кўлами шу қадар кўпайиб кетдики, туманда сув таъминоти қурилиши учун мулкчилик шаклидан қатъий назар барча ихтисослашган мутахассислар жалб этилди.
“Учқўрғон буюк келажаги” МЧЖ уларнинг бири. Улар Чортоқ туманида 14 километр, Учқўрғон туманидаги Тинчлик маҳалласида эса 13,5 километр узунликда сув қувурлари тортишмоқда.
– Ҳозиргача 7 километр траншея кавлаб 3 километрга қувурлар ташланди, - дейди жамият иш юритувчиси Мадаминжон Меҳмонов. – Ҳар бир уланиш, чуқурлик ва қумлаш жараёни инспекторлар томонидан текширилганидан сўнг кўмиляпти.
Шу ўринда суҳбатдошларимизнинг бир мулоҳазасини тилга олиш жоиз: Сўнгги йиллар мамлакат тарихига аҳолига муносиб яшаш шароити яратилган давр сифатида ёзиб қўйлади.
<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/lXR30GVY2EM" title="" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Муаллиф: Муҳаммаджон Обидов
Тасвирчи: Элёр Олимов