Муносиб номзодлар учун овоз бердик
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга сайловлар Андижон вилоятининг барча туман ва шаҳарларида қизғин давом этмоқда. Андижонликлар сайловда кўтаринки кайфият ва фаоллик билан иштирок этмоқда. Уларнинг айримлари билан суҳбатда бўлдик.
Наргизахон Солиева, Андижон вилояти, Избоскан тумани Солбоши маҳалласида яшовчи ҳунарманд:
– Мен бугун Избоскан туманидаги “Солбоши” маҳалла фуқаролар йиғини идорасида жойлашган 493-сайлов участкасида ўзим муносиб деб билган Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзодлар учун овоз бердим.
Юртимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалишида шубҳасиз, бугун бўлиб ўтаётган сайловлар муҳим аҳамият касб этади. Мен оддий бир ҳунармандман. Фарзандларим, шогирдларим билан ўз хонадонимда миллий қўғирчоқлар тайёрлаш билан шуғулланаман. Сир эмаски, кейинги йилларда мамлакатимизда биз ҳунармандларнинг эмин-эркин фаолият юритишимиз учун кенг имкониятлар яратилди, янги қонунлар қабул қилинди, фаолият юритиш ва солиқ тўловлари бўйича имтиёзлар белгиланди. Албатта, бунда барча даражадаги депутатларнинг алоҳида хизматлари бор.
Бизга кўрсатилаётган эътибор туфайли ҳунаримиз ортидан даромад топиб, нафақат оиламизни тебратиш, балки ишсиз маҳалладошларимиз бандлигини таъминлаш, юртимиз иқтисодиёти ва Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш имконига эга бўлдик.
Бугунги сайловларда барча юртдошларимиз фаол қатнашмоқда. Чунки сайловлар уларнинг келажаги, ҳаётимизнинг қай даражада бўлишига, сайланадиган депутатларнинг миллий қонунчилигимиз ривожи, жойлардаги мавжуд муаммоларнинг ҳал этилиши, туманимиз, вилоятимиз ва мамлакатимиз равнақига кўп жиҳатдан боғлиқ. Ишонаманки, мен овоз берган номзодлар, халқ вакили сифатида юртимиз иқтисодиётини янада кўтаришга, мен каби ҳунарманд ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
Гулсевар Хўжамова, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Ёшлар академиясининг Андижон вилоятидаги лидери ва координатори:
– Мен Жалақудуқ туманидаги 37-умумтаълим мактабида ташкил этилган 449-сайлов участкасига келиб овоз бердим. Юртимиз келажаги, юртдошларимиз ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган сайловларда энг муносиблар учун овоз бериш барибир ҳаяжонли. Бундай дамда кишини бурч, масъулият, ифтихор туйғулари чулғаб олади.

Сайловларда мен каби ёшларнинг фаол иштирок этаётганлиги бежиз эмас, албатта. Чунки юртимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқариш, муаммоларини ҳал этишга қаратилган жуда катта ҳажмдаги ишлар олиб борилмоқда.
Биз ёшлар кўрсатилаётган эътибор, яратиб берилаётган кенг имкониятлар туфайли ҳам турли соҳаларда юксак натижаларга эришяпмиз. Жумладан, бугунги кунда Ёшлар академияси аъзоси бўлган андижонлик ёшлар томонидан нафақат вилоятимиз, балки мамлакатимиз миқёсидаги мавжуд муаммоларга инновацион ечим топишга қаратилган лойиҳалар ишлаб чиқилаётганлиги, ихтиролар қилинаётганлиги, янги-янги ғоялар таклиф этилаётганлиги ҳам ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин мисолдир.
Ёшларини қўллаб-қувватлаётган юртимиз, Президентимиз билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Бугунги сайловларда сайланадиган депутатларимиз ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни изчил давом эттиришига, юртимиз равнақи учун муносиб хизмат қилишига ишонаман.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (фото), ЎзА мухбирлари