Мунис онахонлар ва азиз опа-сингиллар шарафланмоқда
Сурхондарё вилоятида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан турли маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, жамиятимиз гултожларига чуқур эҳтиром кўрсатилмоқда.
Шўрчи туманида ташкил этилган “Сен азиз ва муқаддассан аёл”, деб номланган тадбирда ҳам гўзаллик, нафосат, меҳр-муҳаббат тимсоли бўлган хотин-қизлар улуғланди.

Тадбирда туман ҳокими А.Ишмурзоев хотин-қизларнинг ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича фикр юритди. Мунис онахон ва азиз опа-сингилларни байрам билан самимий муборакбод этди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги ролини кучайтириш, оила институтини қўллаб-қувватлаш юзасидан кенг қамровли комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу масала давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, ҳуқуқий ва институционал асослари тубдан такомиллаштирилди. Хотин-қизларнинг муҳим ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга эътибор янада кучайтирилди. “Аёллар дафтари” тизими жорий этилиб, эҳтиёжманд хотин-қизларга ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш йўлга қўйилди. Жумладан, “Аёллар дафтари”га киритилган ёлғиз эҳтиёжманд хотин-қизлар моддий ёрдам билан таъминланаётир. Уй-жойлари таъмирлаб берилмоқда. Бепул чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, санаторийларда даволаниши учун йўлланма бериляпти. Ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар бандлиги таъминланмоқда. Имтиёзли ички туристик саёҳатлар уюштирилаётир.

Айни пайтда Шўрчи туманида уч мингдан ортиқ хотин-қиз давлат ташкилот, идора ва муассасаларида хизмат қилмоқда. Қарийб 7 минг нафар хотин-қиз хусусий секторда фаолият юритмоқда. Улар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш баробарида оилаларнинг уй бекаси сифатида тинч, фаровон Ватанга муносиб фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор қаратмоқда.


Тадбирда бир гуруҳ фаол хотин-қизларга туман ҳокимининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари тантанали топширилди. Санъаткорларнинг қизиқарли концерт дастури даврага ўзгача файз улашди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири