Мундиалга яқин турибмиз
Спортда бир ўйин борки, унга минглаб эмас, миллионлаб одамлар мухлислик қилишади. Уни ардоқлашади, севишади. Албатта бу, ҳеч шубҳасиз, футбол. Эсимни танибманки, футболга мухлислик қиламан. Ўқувчилик пайтларим ўзим ҳам роса футбол ўйнаганман. Қишлоғимизда иккита стадион бўларди. Бири қирлар орасида, иккинчиси эса қишлоқ чеккасидан оқиб ўтувчи “Қорасув” дея номланган катта ариқ ёнида эди. Баҳор пайтлари қирлар орасидаги, ёзда эса пастликдаги стадионда ўйнардик. Чунки дарслар йўқ, уч ой таътилга чиққан бўлардик. Агар ўйин давомида терлаб, қизиб кетсак, ёнимиздаги муздек “Қорасув”да чўмилардик. Сувдан чиқиб, яна ўйинни тўхтаган жойидан давом эттирардик.

Ўша пайтлари Ўзбекистондан собиқ иттифоқнинг футбол олий лигасида биргина “Пахтакор” жамоси қатнашарди. Кўпчилик юртдошларимиз қатори мен ҳам бу жамоага ишқибозлик қилардим. У ўйнаган кунлари барча уй юмушларидан озод этилардим. “Пахтакор” ғалаба қозонганда, кўплаб мухлислар каби ғоят хурсанд, ютқазган пайтлари эса қаттиқ хафа бўлардим...Буни томошабинлар орасида анча машҳур бўлган “Ёр-ёр” киносидаги Ўзбекистон халқ артисти Сойиб Хўжев ёки “Учрашув” фильмидаги Ўзбекистон халқ аристи Эргаш Каримов ижроларидаги қаҳрамонлар – футбол фанатларининг ҳолатларида яққол кўришимиз мумкин. Эсимда, кийган футболкаларимизга “Пахтакор” ва унинг донғи кетган ўйинчилари бўлмиш Эркин Абдураимов ёки Геннадий Красницкий номларини ёзиб олардик.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг, Ўзбекистоннинг қарийб барча вилоятларида олий лигада қатнашадиган жамоалар ташкил этилди. Улар Осиё Чемпионлар лигасида ҳам ўйнайдиган бўлди, бошқача айтганда, энди улар дунёга чиқа бошлади. Энг қувонарлиси, ўз миллий жамоамиз пайдо бўлди. Энди биз бор диққат-эътиборимизни шу жамоанинг ўйинларига қаратдик. Унинг ҳар бир ўйинини жуда катта иштиёқ ва қизиқиш билан кўрадиган бўлдик. Яна ўша ҳолат такрорланарди. Ютганда бошимиз кўкка етгудай шодлансак, мағлуб бўлганда қаттиқ ўксинардик.


Айниқса, Миллий жамоамизнинг Жаҳон чемпионатига чиқиш учун бўлган саралаш ўйинларини стадионларга ташриф буюриб ёки телевизордан бир лаҳза бўлсин, кўзимизни узмасдан кўрардик. Томоша қилиш жараёнида, хаёлан бўлса-да, биз ҳам футболчиларимиз билан биргаликда тўп сурардик. Ўйин якунига етгунча, худди игнанинг устида ўтиргандек бўлардик. Ҳаяжону ҳисларимизнинг адоғи бўлмасди... Аммо барибир бир армонимиз ҳали ушалмади. Миллий жамоамиз Жаҳон чемпионатига чиқолмади. Бунга баъзан мураббий ва ўйинчиларимизда маҳорат ва шижоат, баъзан омаднинг етишмаслиги, баъзан эса ҳакамларнинг хурмача қилиқлари сабаб бўлди. Аммо Миллий жамоамизда бу гал, 2026 йилнинг ёзида Америка қитъасида бўладиган мундиалга чиқиш учун жуда катта имконият пайдо бўлди. Биз ҳозир асосий рақибларимиз бўлмиш Бирлашган Араб Амирлиги ва Қатар жамоаларидан очколар бўйича олдиндамиз. Бу дегани яна бир ғайрат қилсак, энг бўлмаганда, битта ғалаба ва дурангга эришсак, жаҳон чемпионатига албатта чиқамиз. Биз бунга жуда яқин турибмиз. Ўйлаймизки, футболчилармиз юзага келган бу имкониятни асло қўлдан чиқаришмайди ва ишончимизни оқлашади. Бугун Эрон жамоаси билан бўладиган ўйинда эса уларга омад ва муваффақиятлар ҳамроҳ бўлишини тилаб қоламиз.
Туроб НИЁЗ,
Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси