Бу йилги қиш энергетика тизимига ойна тутди. Муаммо ва камчиликлар яққол кўринди. Табиат қонуни шундай: қиш давомий тарзда эшик қоқиб келаверади.

Хўш, бу йилги муаммолар кейинги йил такрорланмаслигига кафолат борми? Камчиликларни тўғрилаш учун нималарга эътибор бериш керак?

ЎзА мухбири шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Энергетика муаммолари институти директори, техника фанлари доктори, профессор Ҳакимжон Муратов билан суҳбатлашди.

– Институт олимлари олдидаги энг асосий мақсад ва вазифалар нималардан иборат?

– Энергетика соҳасининг ривожланиш истиқболларини белгилаб бериш, стратегиялар ишлаб чиқиш, энергетика самарадорлигини ошириш, тежамкорлик бўйича ишланмаларни жорий этиш, энергиянинг қайта тикланувчи ва муқобил турларини ишлаб чиқаришга жорий этиш асосий вазифаларимиздан бири.

Ундан ташқари соҳада юқори малакали олимлар, илмий ходимлар тайёрлаш, яқин атрофимиздаги давлатлар билан энергетик ҳамкорлик асосларини ишлаб чиқиш, рақамли технологияларни жорий қилиш, энергетик қувватларнинг тўғри интеграция қилишни таъминлаб бериш институтимизнинг асосий илмий йўналишларидан ҳисобланади.

Шу билан бирга, энергетика соҳасини фавқулодда вазиятларда фаолият юритиши, энергияни қандай сарфлаш бўйича ишланмаларни жорий этиш масалалари бўйича ҳам шуғулланамиз.

–Аномал совуқ барчани бирдек саросимага солиб қўйди. Мана шу вазиятни фавқулодда ҳолат дейиш тўғрими?

– Аномал совуқ келишини фавқулодда ҳолат дейиш унчалик тўғри эмас. Чунки республикамиз иқлими кескин-континентал иқлим бўлганлиги сабабли, қишда ҳаво совиши табиий жараён. Юртимизда ҳаво ҳарорати -20 градусдан ҳам совиган ҳолатларнинг гувоҳи бўлганмиз. Бу йилги совуқнинг ҳаддан зиёд билинишига асосий сабаб энергетика соҳасидаги фаолиятга жиддий ёндашмаслик, куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг сустлиги бўлди.

– Энергетика вазирлиги билан соҳани ривожлантириш бўйича ҳамкорликдаги ишларингиз ҳақида тўхталсангиз.

– Бугунги кунда энергетиканинг долзарб муаммолари, энергиядан самарали фойдаланиш, соҳани тўғри бошқариш, қуёш ёки шамол станцияларини қандай ҳолатда, қаерда қуриш кераклиги бўйича таклифларни доим бериб борамиз. Лекин баъзида таклифларимизга уларнинг эътиборини сезмаймиз. Иқтисодиёт тармоқларида энергиядан самарали фойдаланиш бўйича ҳам таклифлар бердик. Аммо, инобатга олишди, десам нотўғри бўлади.

Чунки таклифларимизга нисбатан ҳеч қандай реакция бўлгани йўқ. Энергетика илмсиз ривожлана олмайди. Бу йилги қишнинг қандай келишини маълум даражада тахмин қилиб, гидрометеорологлар билан ҳамкорликда тахминий сценарий ёзилиши керак эди. Кучли совуқда электр станциялари ва тармоқлари қандай ишлайди, деган саволга жавоб топиб ҳаракат қилинса, муаммо бу даражага етмас эди.

– Энергетикадаги муаммолар сабаб, кўплаб раҳбарлар ишдан олинди. Соҳада асосий муаммо нимада? Кадрлар етишмайдими ёки бошқа сабаблар борми?

– Энергетика вазирлиги Президентимиз қарори асосида ташкил топган. Соҳани ривожлантириш бўйича керакли қарорлар чиқарилган, топшириқлар берилган, йўл-йўриқлар кўрсатилган. Афсуски, ишга совуққонлик билан қараляпти. Тошкент шаҳри мисолида кўрадиган бўлсак, электр энергия билан таъминлайдиган тақсимлаш подстанциялари бор. Ёз ойларида ҳеч бирининг аҳволига қаралмади. Ваҳоланки, булар оддий эксплуатация ишлари эди.

Очиқ ҳаво линиялари атрофидаги дарахтларнинг шохлари ўсиб, симларга тегиб қолган. Дарахтларнинг ўсган шохларини вақтида кесиб, қишга тайёрлаш керак эди. Бу ишларни бажармаслик энергияни исроф бўлишига олиб келди. Совуқда ҳаводаги очиқ линиялар бир-бирига тегиб, қисқа туташувлар бўлиб, 80 та подстанция ёниб кетганига гувоҳ бўлдик.

Ундан ташқари ҳисобсиз янги қувватлар пайдо бўлди. Ўтган йилнинг ўзида 250 та янги уйлар қурилган. Атрофида янги массивлар қурилиши бўлмаган ҳудудларда электр ва газдан муаммолар, ёнғин ҳолатлари кам бўлди. Қаердаки янги бинолар қурилиб, ўша жойда бегона истеъмолчи пайдо бўлган бўлса, эски истеъмолчиларга қийин бўлди. Мумкин бўлмаган жойларга бинолар қурмаслик, техник шартларга риоя қилиш керак эди. “Мумкин эмас”, деган сўзлар инобатга олинмади. Шаҳарсозлик меъёрлари бузилган. Янги қурилаётган бинолар, савдо марказларида энергия истеъмоли ошишини ҳеч ким инобатга олаётгани йўқ. Бизга энергия қишин-ёзин етиб келаверади, деб хомтама бўлдик.

Энергетика соҳасида ўрта бўғинга ишчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш масалалари издан чиқди. Жойларда махсус тайёрланган электромонтёрлар, газ ходимлари ишлашлари керак эди. Ўрта бўғинда ходимлар малакасини ошириш масалаларига эътибор қаратилмади.

– Келгуси йил бу муаммолар қайтарилмаслиги учун қандай таклифлар берасиз?

– Бугун масъулиятсизлигимиз оқибати ўзимизга қимматга тушди. Қандай ишлар қилишимиз кераклиги аниқ бўлди. Келаси йилги қишга тайёргарликни бугундан бошлашимиз керак. Мавжуд техникани рўйхатдан ўтказиб, келаси йилда яхши ишлаши учун қўшимча нималар қилсак бўлади, деган саволлар ҳақида бош қотириш керак.

Соҳада ишлаб юрган мутахассисларнинг маошлари ҳам, уларга яратилган шароитлар ҳам яхши эмас.

– Шогирдларингиз бу борада қандай илмий изланишлар олиб боришяпти?

– Республикамиз шароитида ишлаб чиқарилаётган, сарф этилаётган энергия ресурсларини 20 фоизгача тежаш имконияти бор. Бу жуда катта фоиз. Бир йилда республикамиз бўйича 60 миллиард киловатт соат электр энергия ишлаб чиқарилаётган бўлса, шундан 12 миллиард киловатт соат электр энергияни тежаб, тежалган энергия билан қанча ишларни амалга ошириш мумкин. Шогирдларимиз мана шу масалаларни амалга ошириш бўйича изланишлар олиб бормоқда.

Кўп электр энергия сарфланадиган корхоналарда илмий ва амалий ишларни олиб боришяпти. Соҳанинг ривожланиш истиқболлари, янги қувватлар қандай ва қайси кўринишда пайдо бўлиши, шамол ва қуёш станцияларини қандай ўрнатиш кераклиги юзасидан иш олиб боришяпти. Бу ҳақда илмий мақолалар эълон қилиняпти.

Нигора Раҳмонова суҳбатлашди,

ЎзА

English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Мумкин эмас”, деган сўзлар инобатга олинмади, шаҳарсозлик меъёрлари бузилди” – Энергетика соҳасидаги муаммолар хусусида профессор билан суҳбат