Мультимодал юк ташиш истиқболлари
Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтида транспорт логистикасида мультимодал юк ташиш истиқболларига бағишланган илмий-техникавий анжуман бўлиб ўтди.
Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтида транспорт логистикасида мультимодал юк ташиш истиқболларига бағишланган илмий-техникавий анжуман бўлиб ўтди.“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик темир йўл компанияси ҳамда Тошкент автомобиль-йўллар институти билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тадқиқотчилар, магистрантлар, талабалар иштирок этди.
Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар жараёнида транспорт-коммуникация тизимини жадал ривожлантириш, тармоқнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, замонавий технологиялар билан жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.
Мультимодал юк ташиш тури бу – турли транспорт воситаларини жалб этган ҳолда юкларни турли манзилларга етказишни билдиради. Ҳар бир юк транспорти учун тайёрланадиган ҳужжатларнинг бир шаклга келтирилиши ва маълумотларнинг умумлашуви маҳсулот юборувчи ва олувчи учун янада кенг имконият яратади. Бу соҳа маҳсулотни етказиб беришнинг энг қулай ва кенг тарқалган шакли ҳисобланади.
Юкларни етказиб беришнинг бу усули ривожланаётган соҳалардан биридир. Бунда турли юк ташиш воситалари афзалликларидан фойдаланиш орқали хавфсиз, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатилади. Анжуманда унинг қулайликлари, фойдаланиш қоидалари ҳамда унинг иқтисодий жараёнга таъсири хусусида сўз юритилди.
Мамлакатимиздаги мавжуд логистика марказларида транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани янада такомиллаштириш, юкларни автомобиль ва контейнерларда ташиш борасида яратилган тизимни янада ривожлантириш ҳамда улардан кенг кўламда фойдаланиш борасида амалий чора-тадбирлар кўрилаётир.
– Халқаро мультимодал юк ташиш жараёнида юзага келадиган кўплаб мураккаб техник вазиятлар учун олдиндан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилади, – дейди Тошкент темир йўл транспорти муҳандислари институтининг кафедра ассистенти Рустам Эгамбердиев. – Буюртмачининг талабига муносиб бўлиш учун соҳа кадрларидан чуқур билим ва салоҳият талаб этилади. Бу каби анжуманлар ёш мутахассисларнинг транспорт-коммуникация тизимидаги билимларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Улар учун етакчи ходимлар томонидан қўшимча семинарлар, машғулотлар олиб борилади.
Анжуманда транспорт-логистика комплексларини ривожлантириш, автомобиль, темир йўл, денгиз ва авиатранспортларнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш, логистика муаммолари, ривожи ва истиқболлари, саноат транспорти тараққиёти, соҳага инвестицияларни жалб этиш, хизмат кўрсатиш тизимлари каби мавзуларда маърузалар тингланди.