Мулоқотларда жойлардаги муаммоларга ечим изланмоқда
Нурафшон шаҳрида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг фуқаролар мурожаатларини ўрганишга бағишланган навбатдаги сайёр қабули ўтказилди.
Жараёнда 50 дан ортиқ аҳоли томонидан ер муносабатлари, уй-жой, коммунал хизматлар, бандлик, тадбиркорликни ривожлантириш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва инфратузилмани яхшилаш билан боғлиқ қатор мурожаатлар кўтарилди.

Ҳар бир мурожаат юзасидан масъуллар иштирокида атрофлича муҳокама ўтказилиб, қатор масалаларга шу ернинг ўзида ечим топилди. Таъкидлаш лозимки, бу каби сайёр қабуллар оддий расмий тадбир эмас, балки одамларнинг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларини ҳал этишга хизмат қиладиган самарали механизмга айланган. Айниқса, чекка ҳудудларда яшовчи фуқаролар учун раҳбарият билан бевосита мулоқот қилиш имконияти муҳим аҳамият касб этади.
Жумладан, Оҳангарон тумани Қорасувёқа маҳалласи фуқароси қўшниси билан юзага келган келишмовчилик сабабли ҳовлисига оқова суви келмаётганини билдириб мурожаат қилган эди. Вилоят ҳокими мурожаатни тезкор ўрганиш мақсадида масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида ишчи гуруҳ тузиб, ҳолатни жойига чиқиб ўрганиш бўйича топшириқ берган эди. Мутасаддилар ўша куннинг ўзидаёқ мурожаатчи яшаш манзилига бориб, вазиятни батафсил ўргандилар. Ўрганишлар давомида ҳар иккала хонадонга ҳам оқова суви мунтазам кириб тураётгани аниқланди. Муаммо сув таъминоти билан эмас, балки қўшнилар ўртасида юзага келган келишмовчилик ва ўзаро муросанинг етишмаслиги билан боғлиқ экани маълум бўлди. Томонлар билан суҳбат ўтказилиб, қўни-қўшничилик муносабатлари, ўзаро ҳурмат ва аҳилликнинг аҳамияти юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди. Натижада масала жойида ижобий ҳал этилиб, тарафлар ўзаро келишувга эришди.

Сайёр қабулда айрим фуқароларнинг иш билан таъминланиш, ижтимоий ёрдам олиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан боғлиқ мурожаатлари ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб қиладиган масалалар эса тегишли ташкилотлар раҳбарларига бириктирилиб, аниқ муддатлар белгилаган ҳолда назоратга олинди.

Муҳими, халқнинг оғирини енгил қилишга қаратилган ҳар бир мурожаат ортида бир инсоннинг тақдири, бир оиланинг умиди мужассам. Бу каби қабуллар эса ана шу умидларни рўёбга чиқариш йўлидаги муҳим мулоқот майдонига айланган.
А.Мусаев, ЎзА