Мулоҳаза: тинглаш маданияти нега йўқолиб боряпти?
Бир пайтлар кечқурун ҳовлилар олдига курсилар қўйилиб, соя-салқинда қўшнилар бир пиёла чой устида гаплашар, кимнингдир дарди бўлса, эшитадиган қулоқ топиларди. Болалар мактабдан келиб, куни қандай ўтгани, нималар содир бўлганини айтиб берар, ота-оналар эса ишини бир четга суриб, фарзандини тингларди.
Бугун-чи? Бугун ҳамма гапиради. Лекин тинглайдиган одам камайиб бораётгандек.
Бир хонадонда ҳамма бирга ўтиради. Аммо ҳар кимнинг кўзи телефонда. Фарзанд: “Ойи, бир нарса айтсам…” дейди. “Ҳозир”, деган жавобни олади. Ўша “ҳозир” эса баъзан кунларга, ҳатто йилларга чўзилади.
Аслида инсоннинг энг катта эҳтиёжларидан бири — уни кимдир чин дилдан эшитиши. Маслаҳат эмас, танбеҳ эмас, фақат тинглаш.
Кўплаб ота-оналар фарзандига кийим-кечак сотиб олади, овқатини тайёрлайди, яхши таълим беришга ҳаракат қилади. Лекин унинг қалбида нима кечаётганини эшитишга вақт тополмайди. Кейин эса: “Нега фарзандим мен билан дардлашмай қўйди?” деб ҳайрон бўлади.
Фақат фарзандлар эмас… Эр-хотин бир уйда яшайди, аммо бир-бирини эшитмайди. Дугоналар бирга қаҳва ичади, лекин суҳбатнинг ярми телефон экранига қараб ўтади. Қўшнилар бир деворнинг икки томонида яшайди, аммо ойлаб ҳол-аҳвол сўрамайди.
Нега шундай бўлди, деган савол одамга тинчлик бермайди. Чунки ҳаёт тезлашди. Иш кўпайди. Телефонлар эътиборимизни ўғирлади. Ижтимоий тармоқларда юзлаб одамларни кузатамиз, аммо ёнгинамиздаги инсоннинг кайфиятини пайқамаймиз. Ҳамма жавоб бериш учун тинглайди, тушуниш учун эмас.
Энг хавфлиси шундаки, инсон тингланмагани сари дардини ичига юта бошлайди. Айтилмаган дард йиғилади, йиғилган дард эса бир куни аламга, ғазабга ёки бефарқликка айланади. Кўплаб оилавий низолар бир кунда пайдо бўлмайди. Улар йиллар давомида айтилмай қолган гаплар, эшитилмай қолган ҳис-туйғулар ва эътиборсиз қолган қалблар устига қурилади.
Бунинг оқибатларини оила институтида ҳам кўриш мумкин. Албатта, ҳар бир ажралишнинг ўзига хос сабаби бор. Аммо мутахассислар таъкидлаганидек, бир-бирини эшитмаслик, дард ва ҳис-туйғуларни бўлишмаслик ҳам кўплаб оилавий келишмовчиликларнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Статистик маълумотлар ҳам бу ҳақда ўйлаб кўришга ундайди. Ўзбекистонда 2025 йилда қайд этилган никоҳлар сони ўтган йилга нисбатан 4,7 мингтага камайиб, 267,1 мингтани ташкил этди. Мамлакатда никоҳлар сони 2021 йилдан буён изчил пасайиб бормоқда. Шу билан бирга, ажралишлар сони 46,9 мингтани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 1,8 мингтага ошган. Албатта, бу рақамларни фақат тинглаш маданиятининг сусайиши билан изоҳлаб бўлмайди. Бироқ оилада бир-бирини эшитиш, тушуниш ва самимий мулоқотнинг етишмаслиги ҳам бу каби ҳолатларга олиб келувчи муҳим омиллардан бири эканини инкор этиб бўлмайди.
Бу ҳолатнинг яна бир сабаби бор. Биз дарров хулоса чиқаришга ўрганиб қолдик. Таниш ёки яқин инсонимизни айтаётган гапи тугамасидан маслаҳат берамиз ёки айблаймиз. Бу эса одамларни бир-биридан узоқлаштиради. Бир уйда яшаб ҳам бегона бўлиб қолишнинг сабаби шу.
Энг ачинарлиси, эшитилмаган бола бир куни гапиришдан тўхтайди. Эътибор топмаган инсон эса бошқа жойдан меҳр излайди. Баъзи ёшлар нега ижтимоий тармоқларда нотаниш одамларга дардини айтади? Нега айримлар уйида айтолмаганини бегонага айтади? Чунки инсон, аввало, уни эшитадиган қулоқ излайди.
Жамиятда ҳам худди шундай. Бир-бирини тинглаш маданияти сусайса, ишонч камаяди. Ишонч камайган жойда эса бефарқлик кучаяди. Бефарқ одам эса қўшнисининг дардига ҳам, маҳалласининг муаммосига ҳам, жамият тақдирига ҳам лоқайд қарай бошлайди. Бефарқлик эса ҳар қандай жамият учун энг хавфли иллатлардан биридир.
Яхши суҳбатдош — энг чиройли гапирадиган одам эмас. Яхши суҳбатдош — сиз гапираётганда телефонни четга қўя оладиган, кўзингизга қараб тинглай оладиган инсон.
Бугун уйга борганингизда фарзандингиздан: “Кунинг қандай ўтди?” деб сўранг. Жавобини бўлмасдан, охиригача эшитинг. Ота-онангизга қўнғироқ қилинг. Қўшнингизнинг ҳолидан хабар олинг. Дўстингизга: “Сени эшитишга вақтим бор”, деган ҳисни беринг.
Балки катта муаммоларнинг ечими баланд минбарларда эмасдир. Балки у ҳар бир хонадонда, ҳар бир суҳбатда, бир инсоннинг иккинчи инсонга самимий қулоқ тутиши билан бошланар...
Нигора Раҳмонова, ЎзА