Мулк ҳуқуқи дахлсизлиги қандай таъминланади
Туғилиб ўсган уйи ҳар бир киши учун муқаддас ва азиз эканини оддий сўзлар билан тарифлаш мушкул
Туғилиб ўсган уйи ҳар бир киши учун муқаддас ва азиз эканини оддий сўзлар билан тарифлаш мушкул. Чунки ўтмиш ҳаётимиз, оилавий муносабатларимиз, энг яхши хотираларимиз туғилиб ўсган уйимиз билан бевосита боғлиқ ва улар бир умр хотирамизга муҳрланади.
Айни пайтда мамлакатимизда, хусусан, Сирдарё вилоятида ҳам кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Табиийки, бу ўз навбатида шаҳар ва қишлоқларимизнинг архитектуравий қиёфасини тубдан ўзгартиришни тақозо этаётир. Шу боис, давлат ва жамият эҳтиёжлари учун айрим иншоотлар, турар ва нотурар жойлар бузилиб, мулк эгасига унинг қийматини қоплаш учун компенсация маблағлари тўлаб берилмоқда.
Ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини юритиш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш саналган биз адлия ходимлари бу борада халқ билан янада яқинлашиб, ер – халқ бойлиги, ўзбошимчалик билан иморат қуриш давлат томонидан таъқиб қилиниши юзасидан аҳоли ўртасида ҳуқуқий тушунтиришлар олиб бормоқдамиз ва бу бизнинг асосий вазифаларимиздан биридир.
Мулк ҳуқуқи дахлсизлигини таъминлашда Гулистон шаҳар адлия бўлими томонидан ҳам бир қатор ижобий ишлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Шаҳар адлия бўлими томонидан бу борада ҳар бир мурожаат фавқулодда ҳолат сифатида қаралиб, “снос” ёки ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар билан боғлиқ масалалар таҳлил қилиниб, зарур ҳуқуқий кўмак берилаётир.
Гап “снос” ҳақида кетар экан, уни ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлардан фарқини билиб олиш керак. Жойларда мунтазам ўтказиб борилаётган тарғибот тадбирлари, учрашувлар жараёнида фуқароларга – ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойлар учун яъни ер ноқонуний эгаллаб олинганларга компенсация – товон пуллари тўланмаслиги ҳақида батафсил тушунча берилмоқда.
Айни масалада қонун бузилишлар бўлганлиги сабабли бу борада умуман янгича тартиб жорий этилди. Эндиликда ер участкасини олиб қўйиш ҳукуматнинг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган низом асосида ҳамда унда кўрсатиб ўтилган асослар мавжуд бўлгандагина амалга оширилади.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят Кенгашлари томонидан ер участкаси олиб қўйилишидаги фойда ва харажатлар ўрганиб чиқилади, ресурслар етарли бўлганида ҳамда фойда ва харажатлардан устун келган тақдирда ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилинади. Бундан буён, ҳокимликлар ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарор қабул қилиш ваколатига эга эмас. Энди ҳокимлик ёки инвестор ва мулкдорлар ўртасида компенсация тури, миқдори ва бериш муддати келишилади ҳамда ушбу келишув нотариал тартибда амалга оширилади. Шу ўринда, келишилган компенсация берилмагунга қадар кўчмас мулклар бузиб ташланишига йўл қўйилмайди. Бундан ташқари, олиб қўйилган ер участкасида жойлашган бинони бузиш ҳам адлия органларининг хулосасидан кейингина амалга оширилиши белгилаб қўйилганини ҳам алоҳида таъкидлаш даркор.
Етказилган зарарни қоплаш ҳудудий жамғармалар маблағлари ҳисобидан жамғармалар кузатув кенгашларининг қарорига асосан тегишли равишда маблағ келиб тушган туман ва шаҳарларга ажратилиши билан кифояланмай, зарур ҳолларда ҳудудий кузатув кенгаши қарори асосида бошқа туман ва шаҳарларга етказилган зарарни қоплаш учун йўналтирилган маблағлардан ҳам фойдаланилади. 2020 йилнинг январь ойида жами 2 миллиард 385 миллион 428 минг 962 сўм миқдоридаги пул маблағлари ундирилди ва натижада 100 фоизлик товон пули тегишли ҳисоб рақамларига ўтказиб берилди.
Жумладан, Гулистон шаҳар адлия бўлими ходимларининг бевосита сайъ- ҳаракатлари натижасида вилоят марказида истиқомат қилувчи фуқаролар А.Фозиловга 106 миллион 950 минг сўм, У.Каримовга 425 миллион 335 минг 251, А.Абдуқаҳҳаровга 126 миллион 142 минг 448, Б.Абдураззақовага 150 миллион 627 минг 579 сўм ва ҳоказо пул маблағлари Гулистон шаҳар адлия бўлими томонидан киритилган тақдимномалар асосида ундириб берилди.
Бу каби мисолларни вилоят бошқармамиз тасарруфидаги ҳар бир туман ва шаҳар адлия бўлимларимиз ходимлари томонидан амалга ошириб борилаётгани таҳсинга лойиқ.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси инсон ҳуқуқлари ва унинг манфаа
тларини ҳимоя қилиш баробарида мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятини бундан буён ҳам изчиллик билан давом эттиради.
Дилноза УМРЗОҚОВА,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий
тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси