Мукофотдан масъулиятгача бўлган йўл
Зулфияхоним издошлари
Хуршида Холиқова — Қашқадарё вилоятида илм-фан ва таълим соҳасига муносиб ҳисса қўшаётган ёш олима ва педагог. Унинг ҳаётидаги муҳим бурилиш 2006 йилда рўй берди: у фан йўналишида Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди. Мазкур мукофот унинг илмий изланишлари ва педагогик фаолиятида мустаҳкам ишонч ва рағбат манбаига айланди.
Айни пайтда у Қарши давлат техника университетининг «Электр таъминоти ва интеллектуал энергетик тизимлар» кафедрасида доцент сифатида фаолият юритмоқда. Олиманинг тадқиқотлари «Бўлажак муҳандисларда экологик маданиятни ривожлантиришнинг илмий-педагогик асослари» мавзусига бағишланган бўлиб, ёшларда экологик онгни шакллантириш, табиатга масъулиятли муносабатни тарбиялашга қаратилган.
[gallery-27615]
Хуршида Холиқова педагогик фаолияти орқали ҳам ёш авлод салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Унинг дарслари ва тарбиявий ишлари талабаларни билимли, маънавиятли ва масъулиятли шахс бўлиб камол топишга ундайди. Шу боис у талабалар ва ота-оналар ўртасида катта ҳурмат ва эътирофга сазовор.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ (сурат), ЎзА