Мукофот ўз эгаларига топширилди
Президентимиз фармонига мувофиқ, давлатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан ана шундай бир гуруҳ вилоят фидоийлари давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.
Тошкент вилоятида ҳам жамият ҳаётининг турли соҳаларида самарали меҳнат қилиб, юртимиз ободлиги, тинч ва фаровон ҳаётимиз, аҳоли турмуш даражасининг юксалишига муносиб ҳисса қўшаётганлар кўп. Бундай фидоий инсонлар ҳамиша элимиз ардоғида.
Президентимиз фармонига мувофиқ, давлатимиз мустақиллигининг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан ана шундай бир гуруҳ вилоят фидоийлари давлатимизнинг фахрий унвон, орден ва медаллари билан тақдирланди.
Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчиси Рустам Холматов куни кеча барча мукофотланганларни мустақиллигимизнинг 28 йиллиги билан табриклаб, юксак давлат мукофотларини Президентимиз номидан тантанали топширган эди. Бугун вилоят ҳокимлигида ўтказилган тантанали тадбирда иштирок эта олмаган юртдошларимизга давлат мукофотларини топширди.
Бўкалик Меҳри ая Иморхўжаева туманнинг «Ўзбек» маҳалласида истиқомат қилади. Табаррук 106 ёшли онахон «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.
Меҳри аянинг 8 нафар набираси, 27 чевара ва 21 нафар эвараси бор.
Айни пайтда маҳалладошлар, туман жамоатчилиги пиру бадавлат Меҳри аяга парвона. Хушхабарни эшитган қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар онахонни табрикламоқда.
Вилоят ҳокими в.б Рустам Холматов Меҳри Иморхўжаева яшаётган хонадонда бўлди. Давлат раҳбарининг фармони йиғилганларга ўқиб-эшиттирилди. Давлат мукофоти тантанали равишда топширилди. Вилоят ва туман ҳокимликлари томонидан эсдалик совғалари берилди.
Қибрайлик Наталья Плотникова Президентимиз фармонига мувофиқ, «Жасорат» медали билан тақдирланди. Вилоят ҳокими в.б Р.Холматов «Опа-сингиллар» номли ногирон аёллар жамияти раҳбари Н.Плотникова хонадонида ҳам бўлиб, давлат мукофотини тантанали равишда топширди.