Мукофот олиш ўрнига, жаримага тортилган гулистонлик “ноёб ихтирочи”
Наҳотки? Ахир, бир инсон бутун жаҳонга жар соладиган “ихтиро” қилсаю, уни ҳеч ким билмаса, эшитмаса-я? Шу ҳам “инсофданми”? Тавба!
Наҳотки? Ахир, бир инсон бутун жаҳонга жар соладиган “ихтиро” қилсаю, уни ҳеч ким билмаса, эшитмаса-я? Шу ҳам “инсофданми”? Тавба!
Мабодо, ҳозир Алчинбек Юколдиев (мақоладаги географик атамалар ва қаҳрамонларнинг исми-шарифи ўзгартирилган) томонидан яратилган бу “ноёб ихтиро” чет элда кашф этилганида борми? Аллақачон уни Нобель мукофотига “тавсия” қилишган бўларди.
Биздачи? Бизда бўлса, мажбурий ижро бюросининг Сирдарё вилояти бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимининг “айби” билан Алчинбекдек “буюк ихтирочи”га жарима солиб, устидан иш қўзғаб ўтиришсая? Шу ҳам “инсоф”данми, жаноб МИБчилар?
Ҳаммаси МИБнинг Сирдарё вилояти бошқармаси ҳамда Гулистон шаҳар бўлими тезкор ходимлари томонидан энергия рессурсларидан фойдаланишнинг қонунийлиги юзасидан ўтказилган текшириш сабабли “расво” бўлди.
Гап шундаки, назоратчилар Гулистон шаҳри, Намуна маҳалла фуқаролар йиғини Халқлар дўстлиги кўчасида жойлашган “K.X.N.” масъулияти чекланган жамиятига қарашли автомашиналарни ювиш шаҳобчасида электр тармоғига уланган электр ҳисоблагич ичига яширин равишда кўз илғамас чип мосламасини ўрнатиб, электр таъминотига таъсир этувчи пульт билан бошқариладиган “янги иновацион технология кашф этиган”инини кўриб, назоратчиларнинг оғизлари ланг очилиб қолди.
Ўтказилган суриштирув ҳаракатлари давомида, “қаҳрамонимиз” ана шу ўзи “кашф” этган пульт орқали электр ҳисоблагични тўхтатиб қўйиб, электр энергиясидан ноқонуний равишда фойдаланиб келган. Бу “ажойиб ихтиро”си туфайли Алчинбек Юколдиев электр таъминоти корхонасига “бор-йўғи” нақд 23 миллион 74 минг 605 сўм миқдорида зарар етказибди? Бутун бошли битта вилоятда “шу арзимаган пулга шунча ота гўри – қозихонами?” дейдиган бирорта мард топилмаса-я?! Ҳа, аттанг-а!
“Юқори” минбарларга чиқиб мукофот олиш ўрнига, “буюк ихтирочи”миз, ушбу ҳаракатини: “Электр энергиясини эконом қилиш мақсадида ҳисоблагични яширин равишда пульт билан бошқариб келганимни тан оламан, қилган ишимдан пушаймонман”, деб бош эгиб ўтирсая?!
Ҳа, энди, бюронинг Сирдарё вилояти бошқармаси суриштирув ва маъмурий амалиёт шуъбаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бориш жараёнида аниқланган зарар тўлиқ ундирилиб, “ноёб истеъдод” соҳибининг “ихтиро”си учун унга нисбатан қонуний чора кўрилади.
Шундай “ноёб истеъдод” соҳибини синдирган МИБчилар, яна “уялмай” нетмай: “Ҳар қандай ихтиро қачонки халққа манфаати тегса, давлатга зарар келтирмаса ва аксинча катта наф келтирса, бу ихтиро давлат томонидан ҳаётга татбиқ этилиб, рухсатнома (патент) ҳам берилади ва ҳатто, мукофот пули ҳам ажратилди. Энди Алчинбек Юколдиевга ўхшаган “ихтирочи”лар ноқонуний ҳаракатлари учун Қонун олдида жавоб беришига тўғри келади”, деб ўтирса-я?!.
Тавба! Кимларга кунимиз қолди-я?