
Сирдарёда ижтимоий ҳимояга муҳтож, якка ёлғиз ва ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Бу эса, меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, жамиятда эса ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қиляпти.
Ана шу ишларнинг самарасида Сирдарё вилоятида истиқомат қилаётган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, оилавий шароити оғир бўлган 3 659 нафар фуқарога ўтган йил ва жорий йилнинг ўтган даврида “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 4 млрд 838 миллион 500 минг сўмлик турли кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилди.
1 млрд 14 миллион 900 минг сўм пул маблағи улар саломатлигини тиклаш, 2 млрд 570 миллион 500 минг сўм пул маблағи дори-дармон воситалари хариди учун йўналтирилган бўлса, 865 миллион 600 минг сўмдан кийим-кечаклар хариди, 38 миллион 100 минг сўмдан кўмир билан таъминлаш, 55 миллион 700 минг сўмдан озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш мақсадида фойдаланилди.

– Амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот, ҳар бир хайрли иш ортида, албатта, эҳтиёжманд аҳоли қатламининг дардига дармон бўлиш, уларнинг муаммоларига ижобий ечим топиш, ҳаёт сифатини яхшилашдек мақсад бор, – дейди Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси катта ёшдагилар ва оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилалар билан ишлаш шуъбаси мудири Дилобар Каттабекова. – Чунки, асосий мақсадимиз ҳам халқни рози қилиш. Бу борада олиб борилаётган ишлар Сирдарёда ўз амалий ифодасини топяпти.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 28 сентябрдаги "Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида "Инсон" ижтимоий хизматлар марказларида 535 нафар ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатга олиниб, уларга 68 нафар ижтимоий ходим бириктирилди.
Ушбу тоифага кирган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 61 нафар шахснинг уй-жойи мослаштирилди, 21 нафар шахснинг қариндошлари ва яқинлари билан алоқаларини тиклашга эришилган бўлса, 535 нафари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 46 нафарига имтиёзли дори воситалари олиб берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири