Муҳим сиёсий жараён остонасида
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 декабрь куни Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидланганидек, жорий йилда давлатимиз ва халқимиз ҳаётида катта сиёсий воқеа – Президент сайлови бўлиб ўтади.
Бўлажак сайловни миллий сайлов қонунчилиги ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юқори ташкилий даражада ўтказиш эса бугунги кундаги долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.
Шунга кўра, жорий йилнинг 8 февралида “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартиришга биноан мамлакатимизда Президент сайлови октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. Куни кеча ана шу йирик сиёсий жараёнга старт берилди.
Сир эмаски, Президент сайлови демократик давлат, эркин ва мустақил, фаровон жамият қуришдек ғоят муҳим жараёнда миллий сайлов тизимини янада демократлаштириш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини янада кенг ва тўла таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу йилги Президент сайлови янгиланган миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида, очиқ ва ошкора ўтказилишини таъкидлаш ўринлидир. Мамлакатимиз фуқаролари онгу шуурида содир бўлган улкан ўзгаришлар натижасида сайловчиларнинг талаблари ва ислоҳотларга дахлдорлик туйғуси ҳам ошиб бормоқда.
Бу борада сайловга тайёргарлик кўриш жараёнини ҳуқуқий ва услубий жиҳатдан таъминлаш, сайлов жараёни ташкилотчиларини ўргатиш ва малакасини ошириш, сайлов жараёни даврида ахборот-тушунтириш ишларини ташкил этиш масалаларига оид тадбирлар ўтказилмоқда. Мазкур жараёнларда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси, “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Марказий Сайлов комиссиясининг қарорининг мазмун-моҳиятини сайловчиларга кенг тушунтириш ва аҳолининг сайлов жараёнидан хабардорлигини ошириш самарали тадбирлар ўтказилди. Хусусан, Қўқон шаҳри ҳудудида ташкил этилаётган 96 та участка сайлов комиссиялари раиси, раис ўринбосарлари ҳамда котиблари учун номзод бўлган 288 нафар фуқаролар адлия, прокуратура, ички ишлар органлари ва олий таълим муассасалари масъул ходимлари томонидан сайлов ҳуқуқига оид билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида ўқитилмоқда.
Жумладан, 2021 йил 9-17 июнь кунлари биринчи босқичдаги семинар-тренинглар ташкил этилиб, иштирокчиларнинг сайлов ҳуқуқига оид саводхонлиги оширилди. Шунингдек, жорий йилнинг 5-17 июль кунлари номзодлар keys-study дастури доирасида қайта ўқитилиб, амаллиётда учровчи муаммоли ҳолатлар юзасидан амалий мисоллар орқали батафсил тушунтиришлар берилди.
Таъкидлаш ўринлики, йилнинг энг муҳим жараёнини муваффақиятли ўтказишда айнан ана шу бўғин ташкилотчиларидан катта билим ва масъулият талаб этади. Улар сайлов қонунчилигига киритилган сўнгги ўзгартиришлардан хабардор бўлиши сайлов жараёнлари очиқ ва ошкора ўтишига, аҳолининг Президент сайловида фаол иштирок этиши ва юртимиз тақдири учун даҳлдорлик туйғусини кучайтиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови мамлакатимизнинг юксак тараққиётига халқимиз билдирадиган қатъий ишончнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлиши аниқ. Бу йўлда эса ўзимизнинг фуқаролик позиция ва вазифамизни намоён этишимиз талаб этилади.
Эркинжон МАҲМУДОВ,
Қўқон шаҳар адлия бўлими бошлиғи