Муҳим мавзуда матбуот анжумани
Бухоро шаҳридаги ноқонуний қурилишларни бартараф қилиш, ободонлаштириш ишлари, шунингдек, “Реклама тўғрисида”ги қонун талабларининг бажарилиши юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Бухоро шаҳар ҳокими Қурбон Турсунов ва вилоят ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Акбар Рустамов, оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Тадбирда таъкидланганидек, Кадастр агентлиги шаҳар бўлими томонидан 2024 йили ҳудудда ерлардан фойдаланиш аҳволи юзасидан мониторинг ўтказилганида 345 та ҳолатда ўзбошимчалик билан ер майдонини эгаллаш ва ноқонуний қурилиш ҳолатлари аниқланган. Шундан 127 та ҳолатда фуқаролар томонидан ноқонуний қурилмалар ихтиёрий равишда бартараф этилган бўлиб, 218 та ҳолатда қонунбузарларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилган.
[gallery-23239]
Жорий йилнинг шу кунига қадар 164 та ҳолат қайд қилинган бўлиб, огоҳлантиришлардан сўнг 105 та ҳолатда қурилмалар фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда бузилган. Аммо 59 та ҳолатда ўзбошимча, қонунбузар фуқароларга нисбатан маъмурий жарималар қўлланилиб, судларга қурилмаларни бартараф этиш тўғрисида даъво аризалари киритилган.
Шаҳарда реклама ёзувлари бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 31 августдаги “Ташқи реклама ва ижтимоий ахборотнинг айланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ иш олиб борилмоқда.
Бу борада шаҳар ва туманлардаги ишчи гуруҳлари томонидан жорий йилда хатлов жараёнида вилоятда 820 та ўрганиш ўтказилиб, шундан 485 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Шунинг юзасидан 16 та ҳолатда иш қўзғатилган бўлса, ўнта қонунбузилиш ҳолати ихтиёрий равишда бартараф этилган ва олтита тадбиркорлик субъектига нисбатан молиявий жарималар қўлланилган. Айни кунда ҳар бир қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш бўйича тадбиркорларга огоҳлантириш хатлари ва тушунтиришлар берилган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.