Муҳим масалалар муҳокама қилинди
Бухорода халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи ҳамда партия вилоят Кенгашининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари, O`zLiDeP вилоят Кенгаши аъзолари, партия фаоллари ва масъуллари, мутасадди ташкилот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишни O’zLiDeP вилоят Кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Обиджон Ҳамидов кириш сўзи билан очди.
Йиғилиш кун тартибидаги дастлабки масала партия вилоят Кенгаши томонидан ўтган 2024 йилда амалга оширилган ишлар ва 2025 –“Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” Давлат дастуридан келиб чиққан ҳолда маҳаллий Кенгаш депутатлари ва партия фаоллари олдида турган долзарб вазифалар тўғрисида O’zLiDeP вилоят Кенгаши раиси биринчи ўринбосари-аппарат раҳбари Бобомурод Очиловнинг ахбороти тингланди.

Сиёсий жараён “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлигига ўтказилган сайловда партия фаоллари ҳам иштирок этиб юқори натижаларга эришди. Вилоят бўйича партиядан кўрсатилган 3 нафар номзод Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят Кенгашига 16 нафар, туман, шаҳар Кенгашларига эса 93 нафар депутатлар сайланди.
Партия вилоят Кенгашининг ташкилий-партиявий, мафкуравий тарғибот-ташвиқот, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари, ёшлар ва бизнес тузилмалар, аёллар билан ишлаш йўналишларида ўтказилган бир қатор тадбирлар ўз амалий натижасини берди. Ўтказилган тадбирлар ва партиявий лойиҳалар натижадорлиги маҳаллий ва марказий ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда батафсил ёритиб борилди.

Ўтган 2024 йилда Бухоро вилоятида камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам йиғилиш иштирокчилари эътиборига ҳавола қилинди. Вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бўлими бошлиғи Феруз Фозиловнинг ушбу масала юзасидан ҳисоботи муҳокама қилинди.
Камбағалликни қисқартириш масаласида вилоятда кенг қамровли ишлар амалга оширилганлиги таъкидлаб ўтилди. Жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича йил мобайнида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларидан 236,0 минг нафари доимий ишга жойлаштирилди. Бу асосан қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш, қурилиш ва бошқа соҳаларга тўғри келади.

Шунингдек, вилоят миқёсида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолини деҳқончиликка жалб қилиш борасидаги ишларда ҳам кутилган натижаларга эришилмоқда.
Жорий 2025 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида олиб бориладиган ишлар кенг кўламли бўлиб, уларни ҳам давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари асосида амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, аниқ дастурлар асосида жорий йилда 214611 нафар аҳолини даромадли иш билан таъминлаш, агросаноат ва қурилиш соҳаларида қўшимча иш ўринларини яратиш борасидаги истиқболли дастурлар асосида амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Жорий йил охирига қадар камбағалликдан чиқариладиган аҳоли сонини 89,6 минг нафарга етказиш белгиланган.

2025 йилда шунингдек, вилоятда “компания-кооператив-деҳқон хўжалиги” тамойили асосида 33 та маҳаллалардаги 253 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги кооперативларини, микросаноат марказларини барпо этиш ҳам режалаштирилган бўлиб, уларни босқичма-босқич амалга оширишга киришилган. Шунингдек, туризм хизматларини йўлга қўйиш, Бухоро ва Когон шаҳарларини камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш ҳам асосий вазифа сифатида белгиланган. Шу тариқа 13203 нафар эҳтиёжманд оила аъзолари камбағалликдан чиқарилади.
Жорий йилда Вобкент, Жондор, Олот, Шофиркон туманларини ҳам камбағаллик ва ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасидаги ишлар жадаллаштирилади. Ушбу туманлардаги 26451 нафар камбағал оила аъзолари доимий иш билан таъминланади.
Қўшма йиғилишда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари ва партия фаоллари олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири