Муҳим масалалар кўриб чиқилди
Парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига сайлов куни ҳам тобора яқинлашиб бормоқда. Ташкилий масалалар ва тегишли вазифаларни яна бир карра аниқлаштириш сайловнинг муносиб ўтишида муҳимдир.
Бухоро вилоят ҳудудий сайлов комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида долзарб вазифалар яна бир бор муҳокама қилди. Йиғилишда вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси М.Олимов иштирокчиларга долзарб масалалар ҳақида батафсил маълумот берди.

– Хусусан, жорий йилнинг 16 октябрь санасидан бошлаб 23 октябргача муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтади, – дейди вилоят ҳудудий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Роҳила Отаева. – Унда маълум сабабларга кўра сайлов куни ўз яшаш манзилидан йироқда бўлган сайловчилар ўзларининг сайлаш ҳуқуқларидан фойдаланиб, яшаш манзилидаги тегишли участкага борган ҳолда овоз беришлари мумкин.

Муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари республика бўйлаб иш кунлари соат 9:00 дан 18:00, дам олиш кунлари эса 11:00 дан 17:00 га қадар давом этади.
Шунингдек, йиғилишда муддатидан илгари овоз бериш тартиби ва регламенти, сайлов жараёнида ногиронлиги бўлган шахсларга яратилган шарт-шароитлар ва бошқа масалалар хусусида ҳам фикр алмашилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.