Пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси давом этмоқда.
Нуфузли анжуманда иштирок этаётган Осиё Парламент ассамблеяси Бош котиби Муҳаммад Ризо Мажидий билан суҳбатлашдик:
– Ўзбекистон парламенти ва Осиё Парламент ассамблеяси ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб бораётганини таъкидлаб ўтмоқчиман.
Ҳамкорликни янада ривожлантириш, экологик хавфсизлик, “яшил” технологиялардан фойдаланиш, камбағалликни қисқартириш, сув таъминотини яхшилаш ва атроф - муҳитни муҳофаза қилишга эътибор қаратмоқдамиз.
Парламентлараро Иттифоқ ассамблеяси муносабати билан Ўзбекистонга яна келганимдан жуда мамнунман. Аввал ҳам Тошкент, Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтган тадбирларда иштирок этганман. Ҳар сафар тадбирлар юксак савияда ташкил этилади ва бунга биз доим юқори баҳо берганмиз.
Олдин келганим билан таққосласак, Ўзбекистон йилдан-йилга ривожланиб бораётгани сезилади.
Парламентлараро Иттифоқ – дунёдаги энг қадимий тузилмалардан бири бўлиб, ташкилотнинг юбилей ассамблеясининг Тошкентда бўлиб ўтаётгани нафақат Ўзбекистон, балки Осиё учун ҳам катта аҳамиятга эга.
Бу тадбир Ўзбекистон дипломатияси, ташқи сиёсати, ва албатта, парламентлараро алоқаларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Шуни айтиб ўтишим керакки, Осиёда бундай тадбирлар ўтадиган давлатлар жуда кам.
Президент Шавкат Мирзиёев саъй-ҳаракатларига жуда юқори баҳо бераман. Чунки сиёсий, ижтимоий ўзгаришлар нафақат мамлакатда, балки минтақада, дунёда амалга ошишига катта ҳисса қўшмоқда.
Норгул Абдураимова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА