
Муқобил энергия манбалари, хусусан, қуёш ва шамол электр станцияларини бунёд этиш ҳаётий заруратга айланиб қолди. Негаки, юртимизда электр энергиясига бўлган талаб кундан-кунга ошиб бормоқда.
Айни талаблардан келиб чиқиб, Энергетика вазирлиги томонидан қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилаётир. Ушбу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси том маънода ишончли ҳамкорга айланиб улгурди.
2021 йил 25 январда Саудия Арабистонининг “ACWA Power” компанияси билан ҳамкорликда умумий қуввати 2 500 мегаваттни ташкил этувчи 2,5 миллиард долларлик учта йирик лойиҳани амалга ошириш бўйича шартнома имзолаган эди.
2023 йилнинг 4 март куни томонлар ўртасида Ўзбекистонда иккита қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича битимлар имзоланди. Яна шу куни Тошкент вилоятида қуввати 400 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилишига старт берилди.
Шу муносабат билан ЎзА мухбирининг “ACWA Power” компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад АБУНАЙЯН билан суҳбати икки давлат ўртасида ўзаро алоқалар, хусусан, “яшил энергетика” соҳасидаги ҳамкорликлар хусусида бўлди.
– Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатлар 30 йилдан ошди ва бугунги кунда ҳам янада мустаҳкамланиб бормоқда, –деди Муҳаммад Абунайян жаноблари. – Албатта, мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик ҳар доим фаол бўлган. Лекин сўнгги олти йил ичида Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев жаноби олийлари сайланганларидан кейин алоқаларимиз янада жадаллашди.
Бундай ҳамкорлик турли соҳаларни қамраб олмоқда. Бунда энг муҳим воқеалардан бири – бу Президент жаноби олийларининг Саудия Арабистонига 2022 йил августдаги расмий ташрифлари билан боғлиқдир. Мазкур расмий ташриф ўзаро алоқаларимизда жуда ҳам муҳим тарихий воқеа бўлди ва ўзаро муносабатларимизни фаол ривожлантиришга кенг имкониятлар яратиб берди.
– Жаноб Муҳаммад Абунайян, сиз раҳбарлик қилаётган “ACWA Power” компанияси Ўзбекистонда, хусусан, энергетика соҳасида қандай инвестиция лойиҳаларини амалга оширмоқда?
– Юқорида қайд этганимдек, икки давлат ўртасидаги расмий муносабатлар туфайли энергетика соҳасида ҳамкорлик янада фаоллашди. Бу эса компаниямиз фаолиятида ҳам муҳим омил бўлди. Яъни, биз юртингизда “яшил энергетика” ривожи йўлида лойиҳаларни татбиқ этишга киришдик.
Томонлар ўртасида ўзаро ишонч ва келишувлар натижасида “ACWA Power” компаниямиз томонидан бугунги кунда Ўзбекистонда умумий қуввати 4 100 МВт бўлган 5 та электр станция, хусусан, 2 600 МВт қувватли 4 та шамол ва 1 500 МВт қувватга эга 1 та замонавий иссиқлик электр станцияси қурилмоқда.
2023 йилнинг март ойида Тошкентда “ACWA Power” компаниямиз билан Ўзбекистонда иккита қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича битимлар имзолашга муваффақ бўлди. Яна шу куни компаниямиз Тошкент вилоятида қуввати 400 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси қурилиш ишларини бошлади.
Бу лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида “ACWA Power” компанияси, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ўртасида инвестиция ва электр энергиясини сотиб олиш тўғрисида учта битим имзоланди.
Мазкур битимлар Тошкент ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 400 МВт бўлган иккита қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда Тошкент, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида умумий қуввати 1 200 МВт бўлган учта энергия сақлаш тизимлари жорий этилишини ўз ичига олади. Бу лойиҳалар ҳам мамлакатингиз иқтисодиёти ва энергетика ривожига хизмат қилади, деган умиддаман.
– Албатта, йирик лойиҳаларни амалга оширишда сармоя муҳим ҳисобланади. Шу ўринда, компания томонидан Ўзбекистон энергетикаси соҳаси учун қанча сармоя киритилди?
– Компаниямиз 10 та давлатда, жумладан, Яқин Шарқ ва Шимолий Африка, Жанубий Африка ва Жануби-Шарқий Осиё минтақаларида мавжуд бўлган электр станциялари ва чучуклаштирилган сув иншоотлари портфелининг ишлаб чиқарувчиси, инвестори, ҳаммуаллифи ва операторидир.
Энди Ўзбекистонга киритилган инвестицияга келсак, шу пайтгача “ACWA Power” компанияси томонидан Ўзбекистонга киритилган сармоялар ҳажми 5 миллиард долларни ташкил этган эди. 2023 йилнинг март ойида имзоланган ҳужжатлар орқали мазкур инвестициялар ҳажми яна 2,5 миллиард долларга ошди.
– “ACWA Power” компаниясининг Ўзбекистондаги фаолияти мамлакатингиздаги бошқа компанияларни жалб қилишда қандай ўрин тутади?
– Албатта, бу жуда аҳамиятли, яъни бизнинг Ўзбекистонга кириб келишимиз Саудия Арабистонидаги бошқа компанияларни ҳам мамлакатингизга жалб қилишда муҳим ўрин тутади. Энг муҳими, биз юртингизда ишончли ҳамкорларни топганмиз. Уларсиз биз ҳозирги натижаларга эриша олмас эдик.
Ишонаманки, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларимиз бундан буён ҳам фаоллашиб, турли соҳаларни қамраб олади. Бунда нафақат энергетика, балки нефть-кимё соҳаси, туризм, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича ҳам ҳамкорлик ўрнатилади.
Ўзаро муносабатларимизнинг бугунги даражага чиқишида Саудия Арабистони подшоҳи, Саудия Арабистони валиаҳди ва Президент жаноби олийларининг тутган ўринлари жуда муҳим. Айнан мамлакатларимиз раҳбарлари ўйлаган ва мақсад қилган ишларни биз амалга оширмоқдамиз. Бу биз учун катта шарафдир. Энг муҳими, бу ишларимиз нафақат мамлакатларимизга, балки икки давлат халқи манфаатларига ҳам хизмат қилади.
ЎзА мухбири Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.