Муҳаббатсиз, дўстсиз ҳаёт мамотдир
Ҳар бир халқнинг тарихий тақдирида ўша халқнинг тимсолига айланган, унинг ғоявий қарашларини ифода этувчи буюк тимсоллари, мутафаккирлари бўлади. Қозоқ халқи тарихига назар ташлар эканмиз, унда Абай (Иброҳим) Қўнонбоевнинг номи мағрур жаранглайди. У қозоқ халқининг чинакам оқини, мутафаккири, буюк ўланчисидир.
Уч юздан зиёд шеърий асарларнинг муаллифи бўлган, бир неча бадиий асарларнинг таржимони сифатида ҳам муҳим ва муқим ўрин тутади у. Чунки у ўз халқининг буюк мутафаккири сифатида улуғвор ишларни амалга оширган адиб. Ўзбек халқининг ижтимоий онги ва бадиият тафаккурида Алишер Навоийнинг қанчалик ўрни бўлган бўлса, қозоқ халқи учун Абай ҳам шу даражада ардоқлидир.
Теран томирлари туташ бўлган икки халқнинг дўстлиги Абай ижодида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган. Абай ижодини кузатган киши унинг уч чашма, уч манбадан сув ичиб, нур эмганини билади.
Биринчиси қозоқ халқининг оғзаки ижодиёти, яъни фольклори, иккинчиси шарқ мумтоз адабиётининг йирик намояндалари ижодиётидан озиқланиш бўлса, учинчиси эса рус ва Европа адабиёти намояндаларининг асарларини таржима қилиб, ҳамкорлик ва дўстлик риштасини мустаҳкамлаганлигидир. У муқаддас тутган тушунчалар қадрулабад туйғулар ичида дўстлик ва муҳаббат тушунчаси алоҳида ўрин тутади.
«Муҳаббатсиз, дўстликсиз ҳаёт бўлмайди». Демак, уларсиз ҳаёт бамисоли мамотдир. Жон томирлари ва қон томирлари бир бўлган ўзбек ва қозоқ халқларининг қарашлари, ҳаёт тарзида умумийлик бор.
Навоий ҳазратлари ишқ таърифида «Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасун, икки жаҳон демаки, жон бўлмасун» деб ёзади. Севги, муҳаббат, ишқ тушунчаларида бирмунча маъно фарқланишлари бўлса-да, Абай ҳам ҳаётнинг муҳим мезони сифатида ана шу туйғуга эътибор қилади. У юқорида таъкидлаганимиздек, муҳаббат тушунчасини дўстлик туйғуси билан вобаста кўради.
Навоий ҳикматларидан бирида «неки нарса кўзга марғубдур кўнгилга маҳбубдир» дейилади. Демак, инсондаги бу туйғу қалбларни бир-бирига боғлаш орқали амалга оширилади. Муҳаббат уммонига кирган, ишқ гирдобига тушган кимса ақлу ҳушдан бегона бўлиб, кўз басир, қулоғи кар ҳолатга келади. Бу туйғу Абай ижодида ҳам ўзига хос шаклда ифодасини топган.
Севги тили – сўзсиз тил,
Кўз билан кўр, дилдан бил.
Бир қараш ё бир имо –
Етар... Боғланар кўнгил!
Навоийнинг нуқтаи назарига мос-хос ҳолдаги фикрни Абай содда, халқчил тилда ифода этган. Бу ўринда банданинг бандага муҳаббати эмас, балки яралганнинг Яратганга ишқи юқори туйғу сифатида ифодаланяпти. Ҳақ сўзни айтиш бобида Абай юқори даражада туради, ҳатто, уни ўқитган, унга таълим берган отасига ҳам баъзи масалаларда қарши фикрларни ифодалаш ҳолати мавжуд. Унинг бу ҳолати бир ривоятни ёдга солади. Эмишки, бир донишманднинг шогирди қайсар, ҳамиша ҳақ гапни айтадиган бўлади. Устозини ҳам аяб ўтирмасди. Одамлар унга «сени шу даражага етишишинга унинг таълимий, тарбиявий меҳри сабаб бўлмаганми, нега сен уни дилини ранжитиб, "ундай эмас, бундай деяверасан", деганларида, "тўғри, устозим мени шу даражага етказди, унга шубҳа йўқ, ҳурмат қиламан, у улуғ инсон, лекин нима қилайки, ҳақиқат ундан ҳам улуғ", деб жавоб берган экан. Шунинг учун ҳам Абайнинг ўзи ва ўзга ҳақидаги ҳақиқатни талаб этиши бежиз эмаслигини билдиради.
Мен ҳақимда сўйласанг, ростин сўйла.
Мен тақир ерда ўсдим ва бир ўзим
Мингта билан олишдим, буни ўйла!
Худди шундай Абай билан тақдирдош маърифатпарвар адиблардан бири мавлоно Муқимий «Гар қилич келса-да, бошимга дегайман ростин» деган хитобларини эндиликда англаш мумкин.
Демак, хақпарвар ва халқпарвар бўлгани учун ҳам уларнинг ҳаёти силлиқ кечмаган. Чунки Абай каби донишманд воизлар ўзим деб, сўзим деб тизим ва тузум душманлари билан олишган. Улар ҳақиқат эгилиши-букилиши мумкин, лекин асло синмаслигига чин дилдан ишонганлар. У инсоннинг ўзлиги учун кўзгу унинг сўзлиги эканлигини эътироф этади. Шу тобда халқимизнинг «Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар», деган мақоли ёдга келади. Навоий ҳазратларининг «Сўзчи ҳолига боқма, сўз ҳолига боқ» деган пурмаъно ҳикмати ҳам шу фикрни тасдиқлайди. Инсон камолотида таълим ва тарбия тушунчалари омихта тарзда келади. Таълимнинг калити нутқ билан, тарбиянинг калити хулқ билан эканини мулоқот ва муомала жараёнида нутқий ва хулқий маданият зарур бўлишини Абай яхши ҳис этган.
Ақл керак, соз иш керак, хушхулқ керак,
Эр уялар ишни қилса, бўлмай зийрак.
Шилта, шилқим, асли таги лўттибозга
Садоқатли дўст топилгай жуда сийрак.
Биринчидан, инсон учун ақл, иккинчидан, муносиб касб-ҳунар, учинчидан, хушмуомалалик зарур, акс ҳолда, ҳаётда ўрни, обрўси, мавқе ва мартабаси бўлмайди, демоқчи адиб.
Бошқа бир шоирнинг:
«Ҳаёт, бу – аслида борлиқ, тириклик,
Ғам ҳамда шодликка бўлган шериклик,
Дўстингнинг дардига малҳам бўлмасанг,
Айтиларми, бундай ҳаёт кераклик», деган ҳикмати бор.
Демак, бахт бирдамлик ва ҳамкорликда, бир-бировига керак бўлиб яшашликда. Мана, Абайнинг назмий даъвати ва давлати.
Одамзод тирикликни давлат билсин,
Ақл топсин, мол топсин, ҳалол юрсин.
Абайнинг ушбу ўгити унинг бутун ижодиётига, адабий меросига муҳр бўла олади. Оқиллик, сарватмандлик ва ҳалоллик жо бўлган қалбда иймон ва эътиқод мужассам бўлади, деган ҳукм бор унда. Унинг «Илм топмай, мақтанма», «Қалбингда ўтинг бўлса», «Ёшликдан билим изла» деган шеърларида ҳам худди шу руҳ ҳукмрон экани билан аҳамиятлидир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, икки халқнинг дўстлигини ифода этадиган абадиятга муҳрланган Абайнинг ижоди бевосита халқимизнинг орзу-умидлари ва мақсад интилишлари билан чамбарчас боғлиқдир.
Шунинг учун ҳам жорий йилнинг 13 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди. Бу қарорда тарихий илдизлари туташ халқларнинг ривожланиш босқичларида ҳар томонлама бирдамлик ва ҳамкорликка даъват талаби бор. Пировард мақсадларни амалга оширишда эса ҳаммаслаклик ва ҳамкорлик ҳамиша муҳим мезон бўла олади. Бу эса тараққиётга кафолат демакдир.
Раҳимбой Жуманиёзов,
«ТИҚХММИ» миллий тадқиқот университети профессори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси