Мудофаа ишлари бўлими учун янги бино
Сурхондарё вилояти Денов тумани мудофаа ишлари бўлими янги бинода иш бошлади. Шу муносабат билан бўлиб ўтган тантанали тадбирда Жанубий оператив қўмондонлиги, вилоят мудофаа ишлари бошқармаси мутасаддилари, давлат, жамоат ташкилотлари вакиллари ва ёшлар иштирок этди.
Сўнгги йилларда қиёфаси тубдан ўзгараётган Денов туманида кўп қаватли турар-жой бинолари, ижтимоий ва маъмурий соҳа иншоотлари қурилиб фойдаланишга топширилмоқда. Кенг, равон йўллар бунёд этилаётир. Хизматлар кўрсатиш ривожланмоқда. Президентимизнинг 2020 йил 9 апрелдаги “2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида” ги қарори бу борадаги ишлар натижадорлигини янада оширишга хизмат қилаётир. Шунга мувофиқ қарийб 400 минг киши яшайдиган йирик туман ҳар тарафлама юксалиб, одамларнинг бугунги ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун барча қулайлик яратилмоқда.

Тантанали маросимда ана шу ҳақда атрофлича фикр юритилиб, тинч, осуда Ватан улкан янгиланишларга юз тутиши ва тараққиёт йўлида дадил одимлаши алоҳида таъкидланди. Туман мудофаа бўлимининг янги биноси ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаб, уларни ўз йигитлик бурчини шараф билан бажаришга сифатли тайёрлаш учун хизмат қилиши қайд этилди.

– Мудофаа ишлари бўлимлари бежиз “армия остонаси”, дея таърифланмайди, – дейди Сурхондарё вилояти мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи, подполковник Илҳом Қамбаров. – Бу ерда чақирилувчилар кўрикдан ўтиб, ҳарбий хизматга тайёрланади. Бунинг учун янги бинода барча шароит яратилган. Қарийб 40 йил муқаддам барпо этилган туман мудофаа бўлимининг эски биноси ўтган йилларда бир неча марта таъмирланган бўлса-да, етарли шароитларга эга эмас эди. Янги бинода чақирилувчиларни муддатли ҳарбий хизматга тайёрлаш ва кўрикдан ўтказиш учун зарур қулайлик мавжуд. Буларнинг барчаси кейинги йилларда мамлакатимиз мудофаа қудратини ҳар тарафлама мустаҳкамлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир.


Тадбир иштирокчилари янги бинода туман мудофаа бўлими ходимлари ва чақирилувчиларга яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишди.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири