Мудира: Менга тарбиячининг дипломи муҳим эмас
Фаолиятини боғчада тарбиячиликдан бошлаган Муҳабат Шаймардонова йиллар ўтиб, билим ва тажрибаси туфайли мудиралик вазифасига эришди.
Неча йилдирки, мудиранинг кун тартиби бир хил: ҳар куни эрта тонгдан ишга ошиқади. Хонасига чиқишдан олдин ҳар бир гуруҳ тарбияланувчиларидан хабар олади. Боғча ҳамшираси ва тарбиячилардан боғчага келган ва келмаган тарбияланувчиларнинг соғлиги ҳақида суриштиради.
М.Шаймардонова раҳбарлик қилаётган 27-мактабгача таълим муассасаси 180 ўринга мослашган бўлиб, Қашқадарё вилояти Ғузор туманида жойлашган. Мазкур МТТ тўлиқ таъмирдан чиқарилган ва замонавий талабларга жавоб беради. Бугунги кунда муассасада 180 нафар бола тарбияланмоқда.
У ерда спорт, мусиқа, рассомчилик ва чет тилини ўргатиш каби тўгараклар мунтазам ишлайди. ЎзА мухбири мудира билан болалар психологияси, тарбиячиларга қўйилган талаблар, умуман, боғча фаолияти хусусида суҳбатлашди.
- Мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг бошланғич қисми ҳисобланади, - дейди М.Шаймардонова. - У боланинг соғлом ривожланишини таъминлаб, ўқишга бўлган иштиёқини уйғотади ва тизимли ўқитишга тайёрлаб боради. Мактабгача таълимнинг мақсади – болаларни мактабга тайёрлаш. Муассасада турли муҳитда тарбия олган, ҳар хил феъл -атворга эга тарбияланувчилар бор. Энг муҳим ва масъулиятли вазифа эса ҳар бир боланинг руҳияти билан ҳисоблашиш. Тарбиячиларни ишга қабул қилишда, энг аввало, уларнинг қўлидаги дипломига эмас, уларнинг бола ҳақидаги тасаввури, ҳаётий тажрибаси ва ҳатто тозаликка қай даражада амал қилишига диққатимни қаратаман. Унинг бу каби хислатларга эга бўлиши эса ҳар қандай дипломдан муҳим, деб ҳисоблайман.
Маълумки, ҳар бир болага алоҳида эътибор муҳим. Тарбиячиларга болага “Сенинг бугунги ишинг яхши, эртага бундан ҳам яхши бўлади”, деган фикрни айтиш яхши натижалар беришини деярли ҳар куни таъкидлайман. Чунки тарбиянинг бу йўли боланинг руҳий ва жисмоний саломатлигини мустаҳкамлайди, олдига қўйган мақсади йўлида ички ва ташқи келишмовчиликларни камайтиради ва ўзига бўлган ишончни таъминлайди. Фаолиятим давомида ҳар-хил тушунчали ота-оналар билан дуч келаман. Афсуски, уларнинг орасида мактабгача таълим муассасалари ва тарбиячиларининг фаолиятидан мунтазам норози бўлиб юрадиганлари ҳам учрайди. Шу ўринда уларга ҳам айтар сўзим бор, аввало, бир нарсани унутмайлик, бола тарбияланадиган даргоҳга қадам босган нафақат тарбиячи, ҳатто тарбиячи ёрдамчисидан тортиб боғча қоровулигача битта масъулиятни ҳис қилишади: ҳар бир боланинг соғлиги, кун тартиби, унинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатига битта жамоа тенг масъулмиз.
Боғчанинг ўз талаблари, тизим, тартиб ва қоидалари мавжуд. Болалар асосан ота-онаси билан эмас , шу ерда тарбиячи опалари назоратида бўлишади. Болаларни ўз фарзандидан ортиқроқ севиб, ардоқлайди. Машғулот ўтади, овқатлантиради, ухлатади, кийинтиради, кузатади. Ҳар бир болага то мактабга чиққунига қадар, оддийдан мураккабга қараб керакли билим ва кўникмаларни ўргатади. Бир гуруҳда ўртача 27-28 нафар тарбияланувчи бор. Тарбиячи ҳар бир боланинг ўз вақтида овқатини ейишидан тортиб, тенгдошлари билан мулоқотга киришишигача бош қотиради. Ишонч билан айта оламанки, ўз малакаларини мунтазам равишда ошириб бораётган тарбиячилар педагог сифатида ҳам таълим-тарбияни ўз ўрнига қўйишни ҳам уддаламоқда.
Мамлакатимизда бошқа соҳалар каби мактабгача таълим тизими ҳам давлатимиз раҳбарининг эътиборидан четда қолмади. Президентимизнинг таъкидлашича, мактабгача таълимдаги қамров даражаси ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга етказилади. Бунинг учун охирги уч йилда очилган 14 мингта хусусий боғчага қўшимча равишда 7 мингдан зиёд янги боғча ташкил этилади. Бундан буён Халқ таълими ва Мактабгача таълим вазирлиги ўқитиш ва тарбия сифатига, маҳаллий ҳокимликлар эса қурилиш-таъмирлаш ишларига жавоб беради.
ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.