Муддатли ҳарбий хизматчилар ватанга қасамёд қилди
Андижон шаҳрида жойлашган Мудофаа вазирлиги тасарруфидаги ҳарбий қисмда хизмат вазифасини бошлаган аскарларнинг Ватанга қасамёд қабул қилишига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Андижондаги ҳарбий қисм сержант ва офицерлари, аскарларнинг ота-оналари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Шуҳратбек Абдураҳмонов, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Лутфулло Бузруков ва бошқалар мамлакатимиз Қуролли Кучларида амалга оширилаётган ислоҳотлар юқори самаралар бераётгани, ҳарбий хизматчилар учун зарур шарт-шароитлар яратилганини таъкидлади.
Кенг майдон узра саф тортган ҳарбий аскарлар томонидан Ўзбекистон мадҳияси ижро этилди, сўнг улар тантанали равишда Ватанга қасамёд қабул қилди.
[gallery-7225]
– Ватанга қасамёд мен каби барча аскарларга хизматни аъло даражада ўташи учун ғайрат, шижоат, улкан руҳий ва маънавий куч беради, – дейди Самарқанд вилояти Каттақўрғон шаҳридан хизматга келган, оддий аскар Баҳодир Аҳмадов. – Йигитлик бурчимизни юқори даражада адо этиш, юртга муносиб фарзанд бўлишга ундовчи шарафли қасамёд тадбири ёдимизда бир умр муҳрланиб қолади.
Ҳарбий қисмда аскарларнинг жанговар ва жисмоний тайёргарлигини, маънавий-маърифий билимларини ошириш учун зарур барча шароитлар яратилган. Иштирокчилар аскарларнинг хизмат ва яшаш шароитлари билан яқиндан танишди.
Тадбир доирасида ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, вилоят маданият бошқармаси бадиий жамоалари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА