Муддатли ҳарбий хизматчилар абитуриент рухсатномаларини олди
ФОТОРЕПОРТАЖ
2026/2027-ўқув йили учун олий ва профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовларида иштирок этадиган абитуриентлар учун рухсатномаларни юклаб олиш бошланди.
Шу муносабат билан Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тасарруфидаги Термиз гарнизонида хизмат қилаётган муддатли ҳарбий хизматчиларга электрон кутубхонадаги компьютерлар орқали абитуриент рухсатномаларини юклаб олишда амалий ёрдам кўрсатилди.
Ҳарбий хизматчилар шахсий кабинетлари орқали рухсатномаларини олиб, тест синовларида иштирок этиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш имкониятига эга бўлди.
[gallery-30320]
Муддатли ҳарбий хизматчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш истакларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳарбий қисмларда зарур шароитлар яратилган. Хусусан, уларнинг бўш вақтларида танлаган таълим йўналишлари бўйича билимларини мустаҳкамлаши учун ўқув адабиётлари, электрон ресурслар ва замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш имконияти таъминланган.
Мутахассислар кўмагида муддатли ҳарбий хизматчилар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг электрон платформасидаги шахсий кабинетларига кириб, абитуриент рухсатномаларини юклаб олди. Шунингдек, уларга тест синовларида иштирок этиш учун талаб этиладиган ҳужжатларни расмийлаштириш, рухсатномадаги маълумотларни текшириш ҳамда имтиҳон жараёнига оид тартиб-таомиллар юзасидан тушунтириш берилди.
Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг таълим олишга бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг олий таълим муассасаларига кириш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ (сурат), ЎзА