Муддатидан олдин овоз бериш бошланди
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида” ги қонуннинг 35/1-моддасига кўра, референдум куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган овоз берувчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга. Бу жараён референдумга ўн кун қолганида бошланиб, уч кун қолганида тугалланади.
Марказий сайлов комиссия Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни бўйича референдумда муддатидан олдин овоз бериш муддатини 2023 йил 19 апрель – 26 апрель кунларига белгилаган. Фуқаролар иш кунлари соат 9:00 дан соат 18:00 га қадар, дам олиш ва байрам кунлари соат 12:00 дан соат 16:00 га қадар референдум участкасига бориб, муддатидан олдин овоз бериши мумкин.
Бугун Самарқанд вилоятидаги референдум участкаларида ҳам мазкур жараён бошланди.
– Бугунги кунда вилоят ҳудудидаги сайлов участкаларига овоз берувчилар умумий сонининг 5 (беш) фоизи миқдоридаги овоз бериш бюллетенлари ва зарур канцелярия буюмлари етказиб берилган, – дейди 7-Самарқанд округ комиссияси котиби О.Тошниёзов. – Участкаларда муддатидан олдин овоз беришни ташкил этиш ва ўтказиш учун барча шароит яратилди. Бу жараён округ томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда. Муддатидан олдин овоз берувчи муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун референдум кунида бўла олмаслигининг сабабларини кўрсатган ҳолда ариза асосида тегишли участка комиссиясига мурожаат қилиши ва овоз бериш бюллетенини олиб, ўз ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин.
Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети академик лицейи ўқитувчиси Гулжаҳон Ҳотамова 30 апрель куни хизмат сафари билан бошқа ҳудудда бўлиши сабабли бугун ўзи яшаб турган Самарқанд шаҳар Мингтут маҳалласидаги 89-референдум участкасига бориб, муддатидан олдин овоз берди.
– Янгиланаётган Конституциямиз билан танишиб чиқдим, қолаверса, референдум бўйича тарғибот тадбирларида қатнашиб, ҳуқуқшунос ва экспертларнинг фикрларини эшитиб, бош қонунимиздаги янгилик ва ўзгаришлар моҳиятини тушуниб олдим, – дейди Г.Ҳотамова. – Ҳақиқатан ҳам Конституциямизнинг янги таҳририда халқимиз ва давлатимизнинг эртанги куни билан боғлиқ жуда катта ўзгаришлар киритилган. Хусусан, биз педагогларнинг ҳуқуқ ва манфаатларимиз конституцияда мустаҳкамлаб қўйилмоқда. Шунинг учун ҳам мен референдумга беэътибор бўлмай, овоз бериш куни илмий ишим туфайли сафарда бўлишимни билдириб, участка комиссиясига мурожаат қилдим ва муддатидан олдин овоз бердим.
Мингтут маҳалласида истиқомат қилувчи Расулжон Ёрматов ҳам бугун ўз конституциявий ҳуқуқидан фойдаланиб, мазкур участкага келиб, муддатидан олдин овоз берди.
[gallery-11516]
Участка комиссияси раисининг маълум қилишича, сайлов жараёнини бошқаришнинг ахборот тизимидаги маълумотлар бўйича ҳозирча участкада 1100 нафардан ортиқ овоз берувчи рўйхати мавжуд. Комиссияга овоз берувчилар сонидан келиб чиққан ҳолда муддатидан олдин овоз бериш учун бюллетенлар етказиб берилган.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА