Муборакда замонавий боғча очилди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Қашқадарё вилояти Муборак туманида ҳам кўплаб объектлар фойдаланишга топширилмоқда.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Қашқадарё вилояти Муборак туманида ҳам кўплаб объектлар фойдаланишга топширилмоқда.
Тумандаги “Ўзбекистон” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида тадбиркор Шуҳрат Жўраев ташаббуси билан 100 ўринга мўлжалланган “Ширинтой жажжи болажон” давлат хусусий шерикчилиги асосидаги нодавлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
– Бугунги кунда тадбиркорларга кенг имкониятлар яратилмоқда, –дейди тадбиркор Ш.Жўраева. – Мана шу имкониятлардан унумли фойдаланиб, 100 ўринга мўлжалланган боғча қурдик. Бу ерда болажонларга сифатли таълим ва тарбия бериш учун барча қулайликлар яратилган. Айниқса, инглиз ва рус тилларини чуқурроқ ўргатишга алоҳида эътибор қаратганмиз. Таълим-тарбия жараёни тўлиқ камерал назоратга олинган. Ушбу лойиҳани амалиётга татбиқ этиш натижасида 20 тадан ортиқ янги иш ўрни яратдик. Келгусида ушбу йўналишдаги ишларимизни янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.

Боғчанинг тантанали очилиш маросимида иштирок этган туман ҳокими Улуғбек Эрназаров ва бошқалар давлатимиз раҳбари томонидан мактабгача таълим тизимига қаратилаётган эътибор, ушбу йўналишда яратилаётган имконият ва қулайликлар хусусида тўхталиб ўтди.
Маълумот ўрнида айтиш лозимки, айни пайтда туманда 6 минг 300 нафардан зиёд мактабгача таълим ёшидаги болалар бор. Уларнинг 3 минг 200 нафардан ошиғи мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган. Бунинг учун туманда жами 43 та боғча фаолият юритмоқда.
Шу куни тумандаги 8 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, муҳтож оилалар вакилларига “Геолог” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган кўп йиллардан буён фойдаланилмай бўш турган “Ойдин савдо дўкони” биноси ўрнида қайта қурилган бинодан уй-жой ажратилди.
Мазкур бинода пудратчи “Комилон транс Қурилиш” масъулияти чекланган жамияти томонидан қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилиб, яшаш учун барча қулайлик ва шароитлар яратилди.

– Бугун оиламиз учун ниҳоятда бахтли кун, – дейди Шоира Жумаева. – Учта оила бир ҳовлида сиқилишиб яшардик. Янгисини қуриш учун имкониятимиз йўқ эди. Туманимиз раҳбарлари бизнинг оилавий аҳволимизни инобатга олиб, мана шу уйни беришни маъқул топди. Бундан бағоятда миннатдормиз. Ўксик дилларимизга қувонч улашишди.
Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги “Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига асосан Муборак туманидаги 11 фуқарони уй-жой билан таъминлаш учун 500 миллион сўм ажратилган бўлиб, 3 нафар фуқарога 21 миллион сўмдан жами 63 миллион сўм маблағ ажратилиб ўзига тегишли ер участкасидан уй-жой қуриб берилган, қолган 8-нафар фуқарога “Геолог” МФЙ ҳудудида жойлашган кўп йиллардан буён фойдаланилмай бўш турган “Ойдин савдо дўкони” биноси туман ободонлаштириш балансига олиниб, уй-жойга мослаштириб қурилиш ишлари олиб борилган.
