Муборак туманида экспортчи корхоналар сафи кенгаймоқда
Қашқадарё вилояти Муборак туманида Муборак газни қайта ишлаш заводининг мавжуд имкониятларидан унумли фойдаланилиши натижасида ҳудудда экспорт ҳажми ортди.
Қашқадарё вилояти Муборак туманида Муборак газни қайта ишлаш заводининг мавжуд имкониятларидан унумли фойдаланилиши натижасида ҳудудда экспорт ҳажми ортди.
Жумладан, бир неча тадбиркорлик субъектлари заводдан чиқадиган олтингугурт хомашёсини майдалаб экспорт қилишни йўлга қўйди. Улардан бири “Gold chemical company” корхонаси бўлиб, жорий йилнинг ўтган даврида 200 минг АҚШ долларилик экспортни амалга оширди.
- Бугун тадбиркорларга имконият кенг, - дейди корхона раҳбари Бурхон Муродов. – Бугунги кунгача шартнома бўйича 10 минг тонна маҳсулот экспорт қилдик. Йил охирига қадар яна 10 минг тонна экспорт қилишни мўлжаллаяпмиз.
Заводнинг фойдаланилмаётган имкониятларидан яна бири иссиқлик манбаи эди. Гап шундаки, илгари “Муборак иссиқлик электр маркази” акциядорлик жамиятидан заводга пар ҳайдалар, қайтувчи иссиқ сувдан эса унумли фойдаланилмас эди. Ана шу иккиламчи “иссиқ сув” линиясидан самарали фойдаланиш мақсадида линия атрофида 130 гектар ерда иссиқхоналар ташкил этилди.
Мазкур иссиқхоналарда помидор-бодринг маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилди. Мингдан ортиқ иш ўрни яратилди. Жорий йилда иссиқхоналарнинг ўзидан 681 минг долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Бунинг асосий қисмини амалга оширган экспотёр корхона – “Сиёб барака” масъулияти чекланган жамияти аъзоларининг ўзлари ҳам жорий йилда 2,2 гектар ерда иссиқхона ташкил қилиб, помидор-бодринг етиштирмоқда. Жамият аъзолари баравж ривожланаётган экинлардан мўл ҳосил олишни мўлжаллаган.
– Илгари фақат бу турдаги маҳсулотларни экспорт қилиш билан шуғулланган бўлсак, эндиликда ўзимиз ҳам етиштиряпмиз, - дейди МЧЖ агрономи Акбар Жабборов. – Жорий йилда 75 тонна бодринг ва 100 тонна помидор олишни мақсад қилганмиз ва ушбу маҳсулотларнинг барчаси тўлиқ экспортга йўналтирилади.
– Илгари фақат бу турдаги маҳсулотларни экспорт қилиш билан шуғулланган бўлсак, эндиликда ўзимиз ҳам етиштиряпмиз, - дейди МЧЖ агрономи Акбар Жабборов. – Жорий йилда 75 тонна бодринг ва 100 тонна помидор олишни мақсад қилганмиз ва ушбу маҳсулотларнинг барчаси тўлиқ экспортга йўналтирилади.
Дарвоқе, туман ҳокимлиги, Бош вазирнинг Муборак туманидаги қабулхонаси ва савдо-саноат палатаси мутасаддилари тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, мавжуд иссиқхона майдонларини қўшимча равишда 200 гектарга кенгайтириш, 1600 та янги иш ўрни яратиш мақсадида бойлер қурилмалари қуриш бўйича таклифлар ишлаб чиқмоқда.
Яна бир гап. Муборак тумани ғалла етиштириш бобида республикамизда энг илғор ҳудудлардан ҳисобланади. Бироқ шу пайтгача туманда ғаллани қайта ишлашга ихтисослашган корхона йўқ эди. Кичик саноат зонасидан “Кенжабек иссиқ нони” масъулияти чекланган жамиятига нол қийматида берилган бинода бир кунда 45 тонна ун ишлаб чиқариш имкони яратилди. Ёш тадбиркор Алижон Нуриллаев қарийб 5 миллиард сўм маблағ эвазига замонавий ишлаб чиқариш қувватини ишга туширди. У ишлаб чиқарилган маҳсулотни аҳолига арзон нархларда сотиш, бир қисмини эса экспортга йўналтиришни мўлжаллаб турибди.
– Бугунги кун талабидан келиб чиқиб асосий эътиборни сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратганмиз, – дейди корхона раҳбари Алижон Нуриллаев. – Мақсад аҳолини арзон ва сифатли ун маҳсулотлари билан таъминлаш. Бундан ташқари, қўшни Афғонистон давлатидаги тадбиркорлар билан ҳам шартнома тузганмиз. Йил охирига қадар ушбу давлатга ҳам экспорт қилишни бошлаймиз. Бир сўз билан айтганда, бугун мубораклик тадбиркорлар мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишнинг самараси нечоғли фойдали бўлишини ўз интилишлари мисолида яққол кўрмоқда.