Муаммоларни вилоят ҳокими назоратга олди
Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов Янгийўл туманида аҳоли мурожаатлари бўйича сайёр қабул ўтказди.
Янгийўл туман ҳокими Улуғбек Ялгашев вилоят сектор раҳбарлари, бошқарма ва идоралар бошлиқлари, ҳудуддан сайланган депутатлар иштирокида аҳолини қийнаётган муаммоларга оид мурожаатлар муҳокама этилди.
"Чангтепа" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Маҳфуза опа Қозоқбоеванинг ўғли гапиришда нуқсони бор бўлиб, давлат гранти асосида Тошкент ахборот технологиялари университети филиалига ўқишга қабул қилинди. Бироқ бу оиланинг моддий имконияти чеклангани туфайли ўғлининг ўқиши учун зарур шароитларни қилолмаётгани юзасидан мурожаати ижобий ҳал этилди. Очиқ мулоқот давомида вилоят ҳокими Маҳфуза опанинг ўғлига ноутбук совға қилди.
– Мутасаддилардан хурсандман, – дейди Маҳфуза опа. – Ўғлим Рамазон бу йил талаба бўлди. Бироқ унинг ўқиши учун етарлича маблағимиз йўқ. Шуни эътиборга олиб, унинг билим олиши учун ҳокимият томонидан зарур шароит яратиб бериладиган бўлди.

Шунингдек, "Озод" маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари ҳудуддаги йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этиш, зарур шароит яратиш мақсадида 2022 йилда маҳаллани "Обод қишлоқ" дастурига киритишни сўраб қилган мурожаати ҳам мутасаддилар томонидан назоратга олинди.
Очиқ мулоқот давомида Халқ депутатлари Янгийўл тумани кенгаши депутати Нажмиддин Жўрабоев "Дархон" ва "Писталик" маҳалла фуқаролар йиғинларида йиғилиб қолган муаммолар бўйича вилоят ҳокимига мурожаат қилди. Хусусан, мазкур маҳаллаларда ичимлик суви учун қудуқ қазилган бўлсада ҳалигача аҳоли хонадонларига тортилмаган, айрим кўчаларни асфальтлаш, электр таъминотини яхшилаш бўйича симёғочларни алмаштириш лозим.
Даврон Ҳидоятов мазкур масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқ берди ва ижросини таъминлаш борасида вақт белгиланди.

"Ҳақиқат" маҳалла фуқаролар йиғини фуқаролари мурожаатида келтирилишича, 7 йилдан бери қиш мавсуми бошланди дегунча айрим хонадонларда табиий газ таъминотида муаммолар бўлади. Вилоят ҳокими топшириғи билан жорий йил куз-қиш даврида коммунал муаммоларни бартараф этиш ва 1 октябргача мазкур маҳаллада газ таъминоти узлуксизлиги таъминланадиган бўлди.
Сайёр қабулда 69 та маҳалладан 300 нафарга яқин фуқаронинг мурожаатлари кўриб чиқилди. Айрим масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилган бўлса, ўрганиш талаб этадиган мурожаатлар юзасидан масъуллар ва аниқ муддат белгиланди.
А.Мусаев,ЎзА