Муаммоларга ижобий ечим изланди
Навоий вилояти Учқудуқ туманидаги “Келажак” ёшлар марказида туман ҳокими Учқун Елмуратов, туман прокурори Мақсуд Ортиқов ҳамда корхона-ташкилотлар мутасаддилари иштирокида аҳоли муаммоларини манзилли ўрганиш ва ечим топиш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган қабулда фуқаролар бандлик, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, моддий ёрдам олиш, соғлигини тиклаш каби масалаларда мутасаддиларга мурожаат қилди.

– Ҳозир нафақадаман. Лекин кичик бизнесни йўлга қўйишни мақсад қилгандим, – дейди Абай маҳалласида истиқомат қилувчи Фахриддин Сафаров. – Қабулда мутасаддиларга мақсадимни айтиб, кредит ва жой масаласида мурожаат қилдим. “Микрокредитбанк” АТБ Учқудуқ банк хизматлари маркази томонидан Геотехнологик конда ишлайдиган ўғлимнинг номига имтиёзли кредит олиш таклифи берилди. Туман қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бошлиғига эса тегишли тартибда жой масаласини ҳал этиш вазифаси юклатилди. Мурожаатим ижобий ечим топганидан хурсандман.

– Ўзим сурдопедагогика – логопед мутахассислиги бўйича олий маълумотли педагогман, – дейди Мухлиса Тоштемирова. – Учрашувда ишга жойлашиш мақсадида мутахассислигим бўйича иш сўрадим. Мурожаатим ижобий ҳал қилинди. Тумандаги 7-умумтаълим мактабига мутахассислигим бўйича ишга қабул қилинадиган бўлдим.

Сайёр қабулда мурожаатларнинг 10 га яқинига жойида ижобий ечим топган бўлса, аксарият мурожаатларга ҳуқуқий тушунчалар берилди. Маълум бир вақт ва ўрганишлар талаб этадиган мурожаатлар бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири